Абрамов ва Кападзе ўз терма жамоалари билан навбатдаги йиғинга киришди

Бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Ўзбекистон U-19 ёшлар терма жамоалари навбатдаги ўқув-йиғин машғулотларига киришди.

Вадим Абрамов бош мураббийлигидаги миллий терма жамоамиз Қатарда ўтказиладиган Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида октябрь ва ноябрь ойида бир қатор муҳим ўйинларни ўтказади.

Ушбу ўйинларга муносиб ҳозирлик кўриш мақсадида терма жамоамиз аъзолари иштирокида “Бунёдкор” стадионида ўқув-машғулот йиғинига старт берилди. Ушбу йиғин 10 августга қадар давом этадиган бўлиб, йиғинга 28 нафар футболчи жалб этилган.

Шунингдек, Тимур Кападзе босчилигидаги Ўзбекистон У19 терма жамоаси бугундан “Чиғатой” базасида йиғинга киришди.

Бугунги машғулотларда мураббийлар штаби асосан тикланиш машқларига урғу берди. Бундан ташқари футболчилар тўп билан ҳам ишлашди.

ЎФА Матбуот хизматининг маълум қилишича, 6 ва 9 август кунлари мазкур икки терма жамоа ўртасида ўзаро назорат учрашуви бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Юртимиздаги эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда, ўйинлар ёпиқ тарзда ўтказилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *