Аброр Абдуллаев: Эронлик мутахассислар билан мунтазам алоқа ўрнатилган

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси йилдан-йилга Паралимпия спорт турлари сонини ошириб бормоқда. Ассоциация юртимизда Паралимпиянинг жамоавий спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жумладан, жорий йилдан бошлаб кўзи ожизлар ўртасидаги 5х5 футбол спорт тури ҳам ўз фаолиятини бошлади. Қуйида 5х5 футбол бўйича бош тренер Аброр Абдуллаев билан уюштирилган қисқача суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

-Суҳбат аввалида ушбу спорт тури ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсангиз.

-Беш кишилик футбол (5х5 футбол) бу кўзи ожиз ва кўриш қобилияти заиф спортчилар учун ўйлаб топилган. Қоидага кўра, ўйинчилар баҳс давомида майдон ташқарисида турган мураббий-гиднинг кўрсатмаларини эшитган ҳолда ҳаракат қилади.

Беш кишилик футбол ва биз билган катта футбол ўйини ўртасида бир қанча тафовутлар бўлиб, пара спортчилар кўзлари боғланган ҳолда нисбатан кичикроқ майдонда ўйнайдилар. Ўйинлар ёпиқ ёки очиқ ҳавода, сунъий ёки табиий майсали майдончаларида ўтказилади. Коптокка шовқин чиқарувчи махсус қўнғироқлар ўрнатилган бўлиб, у ўйинчиларни овозни аниқлаб олишларига имкон яратади. Баҳс ҳар бири 20 дақиқа бўлган икки бўлимдан иборат. Таймлар орасидаги танаффус 10 дақиқани ташкил этади.

Жамоалар кўриш қобилияти нисбатан яхшироқ спортчиларни дарвозабон сифатида таркибга қўшиб олишлари мумкин. Бироқ ушбу дарвозабон сўнгги беш йил давомида ФИФА рўйхатидан жой олмаган бўлиши даркор.

Европада ушбу спорт тури дастлаб Испанияда ривожланган. Биринчи Испания миллий чемпионати 1986 йилда бўлиб ўтган. Жанубий Америкада эса беш кишилик футбол бўйича миллий чемпионат 1980 йилда Бразилияда ташкил этилган.

1997 йилда Европа ва Америка чемпионатлари, 1998 йилда эса биринчи Жаҳон чемпионати ўтказилган. 2004 йили ушбу спорт тури ёзги Паралимпия ўйинлари дастурига киритилган.

Бразилия 1998, 2000, 2010 ва 2014 йилги дунё биринчилиги чемпиони ҳисобланади. Аргентиналиклар эса 2004 ва 2006 йилларда чемпионлик кубогини боши узра кўтарган.

-Беш кишилик футболни оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича ҳозиргача қандай ишлар амалга оширилди?

-Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси ташаббуси билан жорий йил 5х5 футбол спорт тури фаолият бошлади. Дастлаб, биз ишни бутун Республика бўйлаб кўзи ожизлар махсус мактаб интернатларида спортга, айниқса футболга қизиқиши бўлган ёшларни селекция қилишдан бошладик. Ҳозирда мамлакатимизнинг барча худудларидан 60 нафардан ортиқ кўзи ожиз инсонлар мунтазам равишда 5х5 футбол билан шуғулланиб келмоқда. Уларга эса 12 нафар мураббий бириктирилган.

-Ушбу спорт тури биз учун янгилик ҳисобланади. Шундай экан бу борада тўғри йўналиш олиш учун хорижлик мутахассислар билан ҳам алоқалар ўрнатилганми?

-Тўғри айтасиз, 5х5 футбол биз учун янги спорт тури. Шу сабабли бу борада ушбу спорт тури ривожланган мамлакатлар мутахассислари билан фикр алмашиб, улар билан маслаҳатлашган маъқул.

Биз 5х5 футбол бўйича дунёнинг кучли терма жамоалари қаторида тилга олинадиган Эрон терма жамоаси билан мунтазам алоқаларни йўлга қўйганмиз. Эронлик мутахассислар билан WhatsApp месенжери орқали боғланиб, машғулот жараёнларида кўзи ожиз инсонлар билан тўғри ишлаш техникаси, уларнинг майдонда бир-бирларини тушуниб ҳаракат қилишлари учун қандай тактик схемалардан фойдаланиш кераклиги бўйича муҳим маслаҳатлар оламиз, улар билан ўзаро фикр алмашамиз.

-Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат, келажакдаги ишларингизда омад тилаб қоламиз.

-Раҳмат.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия

ассоциацияси матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *