АГМК — «Андижон»: Превью

Эртага Суперлиганинг 24-турида АГМК ўз майдонида “Андижон”ни қабул қилади. Мазкур қарама-қаршилик тарихида ҳозирга қадар 19 учрашув ўтказилган.

АГМК “Андижон”га қарши ўйинларда 11 маротаба зафар қучган. “Андижон” эса олмалиқликлар устидан 4 бор ғалаба нашидасини суришга муваффақ бўлган. Мазкур ғалабаларга “Андижон” жамоаси 2008, 2009, 2010 ва 2011 йиллардаги ўз уйида кечган беллашувларда эришган. Яъни, АГМК Олмалиқда “Андижон”га ҳеч бўйин эгмаган. Ушбу жамоалар ўртасидаги қолган 4 учрашувда дуранг натижаси қайд этилган. Мазкур муроса йўлига келинган 3 беллашувдан иккитаси (2014, 2016) Олмалиқдаги баҳсда содир бўлган. Андижонда эса жамоалар бир маротаба, яъни 2014 йилги мавсумда дуранг қайд этишган. Қизиғи, 2014 йилги мавсумдаги ҳар иккала баҳсда ҳам ғолиб номи аниқланмаган.

Шу тариқа мазкур қарама-қаршиликдаги сезиларли устунлик АГМК тарафида. Тўплар нисбати бўйича ҳам кўрсаткич табиийки АГМК фойдасига хизмат қилмоқда: 35-23.

АГМК – “Андижон” учрашуви қизиқарли кечишига бир қанча омиллар мавжуд. Биринчи навбатда ҳар иккала жамоага ҳам очко сув ва ҳаводек зарур. АГМК иккинчи ўринни эгаллаш учун курашини давом эттириши ва “Андижон” эса Суперлигада ўз ўрнини сақлаб қолишга ҳаракат қилиши табиий.

Эслатиб ўтамиз, АГМК — “Андижон” учрашуви 24 ноябрь куни Олмалиқдаги ОКМК стадионида соат 16:00да бошланади.

“Андижон”га қарши баҳс Раҳимбек Каримов зиммасига топширилди. Мазкур ҳакам бошчилигидаги гуруҳ жорий мавсумдан Суперлигада ҳакамлик қилмоқда. У иккинчи бор АГМК иштирокидаги учрашувда ишлайди. Бунга қадар, бу рефери 20-тур доирасидаги “Насаф”га қарши баҳсда ҳам бош ҳакам бўлганди.

Суперлига, 24-тур.

24 ноябрь, сешанба.

АГМК — «Андижон» (16:00)

Олмалиқ, «ОКМК» стадиони.

Ҳакамлар: Раҳимбек Каримов, Жалғасбай Сарсенов, Дамир Искандеров, Шухрат Ражабов

Назоратчи: Олег Дачев

Комиссар: Александр Давиденко.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *