Академик эшкак эшувчиларимиз онлайн машғулотда

Олимпия спорт турлари бўйича терма жамоамиз вакиллари томонидан олиб борилаётган онлайн машғулотлар давом этади. Бугун режага кўра Ўзбекистон Rowing&Canoe федерацияси билан онлайн машғулот олиб борилди.

Карантин талаблари юмшатилиб, спорт секцияларининг фаолиятига рухсат берилгач терма жамоамиз вакилларининг ҳам секин-аста ўз базаларида машғулот олиб боришаётгинига гувоҳ бўлиш мумкин. Бугунги машғулотда академик эшкак эшувчиларимиз механик қайиқда шуғулланишди. Таъкидлаш жоиз, ҳар бир механик қайиқда ҳаракат қилаётган спортчининг натижалари: тезлиги, қолган шерикларига нисбатан қандай вақт кўрсатаётгани электрон таблода кўрсатиб турилди ва бу жараённи кузатиб бораётган мутасаддилар, тренерлар учун катта қулайлик яратди.

Ўз навбатида, байдарка ва каноэчиларимиз ҳам махсус қурилмаларда машғулотларда қатнашишди. Базага келмаган спортчиларимиз эса ўз уйларида умумий жисмоний тайёргарликка оид машқларни бажариб бордилар.

Машғулот давомида федерация бош котиби Вячеслав Дидрих академик эшкак эшувчилар ҳаракатланаётган қурилма ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.

Бу техниканинг имкониятлари катта. Насиб қилса, бунинг ёрдамида Мустақиллигимизнинг 29 йиллигига бағишлаб онлайн мусобақа ўтказиш ниятидамиз. Кўриб турганингиздек, спортчилар масофани сақлаган ҳолда бир-бирларига асло ҳалақит бермай шуғулланишлари мумкин. Натижалар эса таблода кўриниб туради. Бунинг яна бир қулай томони, онлайн мусобақани яккалик эмас, жуфтлик, квартет ёки саккизлик экипажлари шаклида ҳам ўтказса бўлади. Қолаверса, унинг спортчилар қайд этаётган натижаларни улкан хотирасига ёзиб олиш хусусияти бор. Бу мураббийларимизга 1-2 йилдан кейин ҳам спортчиларимиз машғулотда кўрсатган натижаларини таҳлил қилиш имкониятини беради”, – деди Вячеслав Дидрих.

Машғулот мураббийларнинг режаси асосида олиб борилди ва федерация мутасаддилари келажакда ўқув-машғулот йиғинларини тўлиқ ташкил қилиш каби масалаларни ҳам муҳокама қилиб боришди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *