Алисэ Фахрутдинова: “Токио Олимпиадасини сабрсизлик билан кутяпман”

Токио-2020 Олимпия ўйинлари йўлида биз бир қатор спорт турларида янги саҳифалар очиб бормоқдамиз. Улардан бири сифатида замонавий бешкурашни таъкидлаб ўтиш мумкин. Ушбу спорт турида терма жамоамиз аъзолари Александр Савкин ва Алисэ Фахрутдинова спортимиз тарихида илк бор Токио Олимпиадасига йўлланма олиб, юртимизда замонавий бешкураш спорт турининг истиқболига улкан ҳисса қўшишди. Айни вақтда спортчиларимиз Москвада бўлиб туришибди. Биз Алисэ Фахрутдинова билан боғланиб, карантинни қандай ўтказаётгани ҳақида суҳбат ўтказдик.

– Ҳозирда нималар билан бандсиз?
– Шу кунларда машғулотларни йўлга қўйиб олдик. Тўғри, машғулотлар тўлиқ ўтказилмаётган бўлса ҳам Москвада очилган спорт базаларида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда шуғулланишда давом этмоқдамиз. Ҳозирча югуриш ва ўқ отиш бўйича машғулот олиб борилмоқда. Шунингдек, спорт зали ва уйда умумий жисмоний тайёргарлик машқларига ҳам эътибор қаратганмиз. Ҳавзалар очилмагани учун сузиш машқлари жисмоний ҳаракатлар билан бўляпти. Бўш вақтларимда эса уй ишлари билан бандман.

– Замонавий бешкураш спортига қандай кириб келгансиз?
– Болалигимда ота-онам акамнинг ортидан мени ҳам сузиш тўгарагига беришди. Ўшанда 6 ярим ёшда бўлганман. Машғулотларни қолдирмай, жуда фаол эдим ишлар эдим. 1 йилдан сўнг мураббийим менга замонавий бешкураш спорти билан шуғулланишимни маслаҳат берди. Негаки бунда яна бир қатор спорт турлари бор ва мен учун қизиқарли бўлишини айтишган. Ўзимни синаб кўргач бу спорт менга ёқиб қолди ва профессионал спортга кириб келдим.

– Карантиндан кейин бешкурашчилар қайси йўналишда спорт формани тиклаб олишга қийналишади?
– Мен учун сузишда яхши формага кириш мураккаб бўлса керак. Негаки, сал кам 4 ойдан бери ҳавзага тушганимиз йўқ. Ҳа, назарий жиҳатдан жисмоний машқларни амалга ошириб бордик, аммо ҳавзадаги машғулот қуруқликдагидан катта фарқ қилади. Афсуски, сувни ҳис қилишимиз камайиб кетган. Шунинг учун ҳам менга сузишда спорт формамни тиклаб олиш мураккаб бўлади.

– Барча йўналишда яхши жисмоний ҳолатга кириш учун қанча вақт керак?
– Ҳамма йўналишларда шуғулланишга рухсат берилганда яхши формага кириш учун 2 ой кетса керак. Агар мусобақаларда иштирок этадиган юқори тайёргарлик ҳақида гапирадиган бўлсак, менимча, камида 3-4 ой талаб қилинади.

– Кино ёки театр?
– Ҳар иккисини ҳам ёқтираман. Кинолардан Марвел сериясидаги барча фильмларни, қолаверса, кўпчилик қизлар қатори мелодраммаларни севиб томоша қиламан. Номларини келтириб ўтсак, “Кундалик хотиралари”, “Перл-Харбор” менинг севимли фильмларим. Театрга ҳам тез-тез бориб тураман ва ҳар сафар катта таассуротлар, эмоциялар олиб қайтаман. Ҳатто томоша пайти кези келганда кулиб, йиғлайман ҳам.

– Қайси ошхона кўпроқ ёқади?
– Мураккаб савол. Овқат танламаганим учун барча ошхоналар ёқади. Бироқ корейс таомлари билан ҳалигача яхши “чиқиша олмайман”. Лекин япон миллий таомлари ижобий таассурот қолдирган. Шунингдек, бизнинг татар анъаналаридаги барча таомлар, айниқса, онам пиширган овқатларни севиб танаввул қиламан.

– Карантиндан кейин фаолиятингизни қандай кўрмоқдасиз?
– Менимча, карантингача қандай бўлган бўлса, шундай. Тўғриси, карантинда жисмоний ҳолатимни бироз йўқотганимни инобатга олмаса, руҳий тикланиб олиш ва бошқа томонлардан анча фойда бўлди. Умуман олганда, доимий машғулотларга қайтамиз. Умид қиламизки, маҳоратимизни янада ошириш учун халқаро йиғинлар ва мусобақаларда яхши қатнашишда давом этамиз.

– Олимпиадани қандай тасаввур қиляпсиз?
– Олимпиада нима эканлигини тасаввур қила олмайман. Тўғри, шу пайтгача телевидениеда мусобақалар орқали унинг қанчалик чиройли ва оммавий эканлигини кўриб келганмиз. Бироқ унинг иштирокчиси сифатида шахсан қатнашсанг, бошқача эмоция кутар экансан. Шу боис сабрсизлик билан ушбу ҳодисани кутмоқдаман. Ўзбекистон жамоаси билан энг катта орзуйим ушалаётганидан бағоят мамнунман. Буни аслида сўзлар билан ифодалаш жуда мураккаб.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *