“Амирсой”да Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди

Хабарингиз бор жорий йилнинг 4 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишки спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида 17-22 февраль кунлари Тошкент вилоятида жойлашган “Амирсой” тоғ-чанғи комплексида қишки спорт турлари бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси ҳам муҳтарам Президентимиз томонидан қишки спорт турларига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликдан унумли фойдаланган ҳолда юртимизда қишки спорт турларини ривожлантиришни мақсад қилган. Бу борадаги ишлар эса аллақачон бошлаб юборилган. “Амирсой”да бўлиб ўтган мамлакат чемпионатида 5 нафар паралимпиячининг иштирок этгани ҳам бунга яққол мисол бўла олади.

Айтиш керакки, илк марта ташкил этилган ушбу мусобақада иштирок этган 5 та паралимпиячининг 3 нафари шохсупага кўтарилди.

Чемпионатининг тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси бош котиби Омон Ғофуров, шунингдек, Ўзбекистон қишки спорт турлари федерацияси ва Тошкент вилояти ҳокимяти вакиллари иштирок этишди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси 2022 йил Хитойда бўлиб ўтадиган қишки Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик паралимпия спортчиларининг иштирок этишини таъминлашни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси

матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *