Андижонда илк ўлим ҳолати қайд этилди, ССВ яна бир подполковник коронавирус қурбони бўлганини тасдиқлади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 21 июль куни ҳам Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш оқибатида рўй берган 4та ўлим ҳолати ҳақида хабар берди. Етти кундан буён кунлик ўлимлар сони тўрттани ташкил этмоқда.

Бугун Андижон вилоятида коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилди, шунингдек, яна бир ички ишлар ходими ўлимига коронавирус сабаб бўлгани тасдиқланди.

Биринчи ўлим. 14 июль куни Зангиота туманидаги Кўп тармоқли юқумли касалликлари шифохонасига ўтказилган шайхонтоҳурлик 64 ёшли бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди.

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 64 ёшли М.М. (эркак) 25 июнь кунидан 14 июль кунига қадар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида «Ўткир странгуляцион ингичка ичак тутилиши» ташхиси билан стационар даволанган.

Беморда 14 июль куни Covid-19 тасдиқланган ва ўта оғир ҳолатда Зангиота туманидаги Кўп тармоқли юқумли касалликлари шифохонасига ўтказилган.

Унга Covid-19 инфекциясининг оғир кечиши, икки томонлама пневмония, ингичка ичак резекцияси ва анастомози операциясидан сўнгги ҳолат ташхиси қўйилган. Беморда касаллик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асорати билан кечган. 

Шунингдек, унда ўткир странгуляцион ичак тутилиши ҳамроҳ хасталиги бўлган.

Бемор асосий касаллик асоратлари ҳисобига аҳволи кескин оғирлашиб, мутахассислар томонидан тўлиқ ҳажмда, стандарт асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан у ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Иккинчи ўлим. 15 июль куни Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасининг реанимация бўлимига ётқизилган шайхонтоҳурлик 68 ёшли бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди.

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 68 ёшли М.И. (аёл) жорий йил 25 июндан 14 июлга қадар Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказида даволанган.

15 июль куни унда Covid-19 тасдиқланган ва у ўта оғир ҳолатда Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасининг реанимация бўлимига ётқизилиб, сунъий нафас бериш аппаратига уланган.

Беморга Covid-19 инфекциясининг оғир кечиши, икки томонлама пневмониянинг оғир кечиши ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдром, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка шиши ҳамда полиорган етишмовчилиги каби асоратлар билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, стенокардия, инфарктдан кейинги кардиосклероз, қандли диабетнинг оғир кечиши каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги ҳамда ўпка шишидан вафот этган.

Учинчи ўлим. 15 июль куни Андижон вилоятидаги юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган 42 ёшли бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги ҳамда ўпка шишидан вафот этди.

Андижон вилояти Андижон шаҳрида яшаган 42 ёшли Ғ.И. (эркак)да жорий йил 15 июль куни Covid-19 тасдиқланган ва у вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга Covid-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, гипертония, қандли диабет, семизликнинг 4-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги ҳамда ўпка шишидан вафот этган.

Тўртинчи ўлим. 17 июль куни ИИВ Марказий госпиталининг реанимация бўлимига ётқизилган 51 ёшли бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди.

Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 51 ёшли З.С. (эркак) 17 июль куни ИИВ Марказий госпиталининг реанимация бўлимига ётқизилган ва 18 июль куни унда Covid-19 тасдиқланган.

Унга Covid-19 инфекциясининг оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Беморда касаллик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асорати билан кечган.

Шунингдек, унда юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг ўта оғир кечиши, иккала болдир артериялари окклюзияси, чап сон ёнбош артерияси стенози, сурункали панкреатит каби ҳамроҳ хасталиклар бўлган.

Асосий касаллик асоратлари ҳисобига беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, мутахассислар томонидан тўлиқ ҳажмда, стандарт асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан у ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Вазирлик бу беморларнинг барчасига мутахассислар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар ўтказилгани, даволаш жараёни белгиланган стандартлар асосида олиб борилганини қайд этган.

Бунгача Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Ахборот хизмати катта мутахассиси, подполковник Зойир Сайдалиев 2020 йил 21 июль куни 51 ёшида вафот этгани ҳақида хабар берганди. Вазирлик бу ўлимни ўз статистикасида қайд этди.

Шу тариқа, бу Ўзбекистонда расман ўлими қайд этилган тўртинчи ички ишлар органи ходими бўлди. 

13-14 июль кунлари Тошкент шаҳар ИИББ ходими, 36 ёшли майор Аълохон Шамаҳмудов ва ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлими бошлиғи, 48 ёшли подполковник Шавкат Нафасов коронавирусдан вафот этгани хабар қилинганди. ССВ бу ўлим ҳолатларини 15 июль куни тасдиқлади.

Шунингдек, 16 июль куни Ички ишлар вазирлиги Сергели ИИО ФМБ подполковниги Абдулазиз Тошев 12 июль куни 42 ёшида вафот этгани, унинг ўлимига коронавирусдан касаллангани сабаб бўлгани ҳақида хабар берди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги шу куни ўлим ҳолатини тасдиқлади.

Эндиликда Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони расман 95тага етди. Шу вақтгача Тошкент шаҳрида 56, Тошкент вилоятида 10, Сурхондарё вилоятида 5, Бухоро ва Наманган вилоятларида 4, Жиззах, Навоий, Самарқанд вилоятларида 3, Қашқадарё вилоятида 2, Сирдарё, Фарғона, Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикасида биттадан ўлим қайд этилганди. Энди бу рўйхатга Андижон вилояти ҳам қўшилди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *