Андижонда 52 нафар ўқитувчида коронавирус инфекцияси аниқланди

2020-2021 ўқув йилида Андижон вилоятидаги 764 та умумтаълим мактабларида қарийб 60 минг нафар болалар 1-синфларга қабул қилинди. Шу тариқа вилоят бўйича жами ўқувчилар сони 575 минг нафарга етди.  

Вилоятда янги ўқув йилига қизғин тайёргарлик кўрилиб, ёзда бир қатор умумтаълим мактаблари таъмирланган. Хусусан, инвестиция дастури асосида 33 та мактаб сифатли таъмирдан чиқарилган бўлса, 20 та мактабни маҳаллий бюджет ҳисобидан таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Вилоят ҳокимлиги вакилининг kun.uz мухбирига маълум қилишича, вилоятда 7 сентябрдан айрим мактаблар фаолияти бошлаб юборилган. Қолган мактаблар 14 сентябрдан бошлаб босқичма-босқич очиб борилади. Халқ депутатлари шаҳар ва туман кенгашларининг қарорига биноан очишга тайёр деб топилган мактабларда янги ўқув йилини бошлашга рухсат берилади.

Шуни айтиш жоизки, вилоят ҳокимлиги томонидан вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг соғлиғини сақлаш ва карантин қоидаларига тўла риоя қилинишини таъминлаш мақсадида умумтаълим мактабларига 1500 дона пирометр етказиб берилган. Шунингдек, умумтаълим мактаблари 7.640 литр антисептик воситалари билан таъминланди.

Айни пайтгача янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш доирасида вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 25 минг нафар ўқитувчиларидан коронавирусга тестлар олинди. Тест натижаларига кўра уларнинг 52 нафари инфекция юқтириб олганлиги аниқланди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *