Андижон вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

Андижон вилояти ҳокими ўринбосари – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига янги раҳбар тайинланди.

Бугун, 9 сентябрь куни Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди.

Унда Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди ва маъруза қилди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, сессияда ташкилий масала кўриб чиқилган ва Андижон вилояти ҳокими ўринбосари – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига Шокиржон Мамажонович Болтабоев тайинланган.

Шокиржон Болтабоев 1967 йилда Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида туғилган. 1991 йилда Тошкент халқ қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган. Маълумоти бўйича ихтисослиги – иқтисодчи.

2018 йил июнидан буён Андижон вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси раиси лавозимида фаолият юритган.

У янги лавозимда сентябрь ойи бошида ишдан олинган Манзура Юнусова ўрнини эгаллади.

Бугун кун давомида Андижон вилоятининг уч туманига янги раҳбарлар тайинланганди – Жалақудуқ ИИБ бошлиғи Мансурбек Алиханов Асака тумани ҳокими лавозимида, Андижон вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Зоҳиджон Аҳмадалиев Хўжаобод тумани ҳокими лавозимида, Ҳикматулло Латипов Жалақудуқ тумани ҳокими лавозимида иш бошлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *