Паралимпия ассоциациясида антидопинг масаласи муҳокама қилинди

Бугун Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациаяси раиси Мухторхон Ташходжаев терма жамоалар бош мураббийлари иштирокида антидопинг масаласи бўйича махсус йиғилиш ўтказди. Унда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги директори Нодир Турсунов ҳам иштирок этди.

“Ҳозирги кунда допинг дунё спорти кун тартибидаги асосий масалалардан бири сифатида турибди. Шу боис бунга ҳар қачонгидан ҳам жиддийроқ эътибор қаратишимиз керак.

Спортчи ўз манфаатини эмас, ватан манфаатини юқори қўйиши керак. Чунки, у юрт шаънини ҳимоя қилади. У мусобоқаларда Ўзбекистон деган жаннатмакон мамлакат номидан қатнашади. Агар допинг орқали медаль олинадиган бўлса, бизга бундай медални кераги йўқ. Эртага бирор бир спортчида допинг аниқланса, бизни ҳеч ким кечирмайди.

Спортчининг таъқиқланган моддаларни қабул қилмасилиги учун биринчи навбатда сиз мураббийлар хушёр бўлишларингиз керак. Сизларнинг бу борада бефарқ бўлмаслигингиз кўп нарсани ҳал қилади.

Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, агар қайси спортчида допинг аниқланса, у жавобгарликка тортилади. Унинг учун давлат томонидан сарфланган барча харажатлар ундирилади. Шу боис барча спортчилар антидопинг қоидаларига қатъий риоя қилишлари керак”, – дейди М.Ташходжаев.

Шундан сўнг Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги директори Нодир Турсунов ҳам мураббийларга бу борада ўз фикрларини билдири ўтди.

“Кеча айрим сайтларда ўзбекистонлик 4 нафар паралимпиячи допинг сабаб дисквалификация қилингани ҳақида мақола эълон қилинди. Бироқ, ушбу хабарда номлари тилга олинган спортчилар 2018-2019 йилларда дисквалификацияга учраган. Уларда допинг аниқлангани ҳақида ўша пайтдаёқ Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги расмий сайтида эълон қилинган. Афсуски, бу мақола ОАВда бироз нотўғри талқин қилинди.

Ҳозирда ўзбекистонлик паралимпиячилар дунёнинг кучли ўнлигига киради. Бу бир томондан ғурур бағишлайди, албатта. Лекин, иккинчи томондан зиммамизга кучли масъулият юклашини ҳам унутмаслигимиз лозим. Боиси, бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) юқори натижалар қайд этаётган мамлакат спортчиларини доимий тарзда текширувга олади. Шу боис ҳар қачонгидан ҳам ҳушёрроқ бўлишимиз талаб этилади.

Антидопинг масаласи бўйича барча спортчи ва мураббийларга эшигимиз доим очиқ. Ўзларингизни қизиқтирган саволлар билан истаган пайт мурожаат қилишингиз мумкин. Биз ҳам шу юрт фарзандимиз, ватанимиз шаъни биз учун ҳам биринчи ўринда туради”, – дейди Н.Турсунов.

Шу ўринда Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси турли интернет сайтларида 2018 йилда  ўзбекистонлик паралимпиячиларнинг 4 нафари антидопинг қоидаларини бузганлиги учун 4 йилга дисквалификация қилингани ҳақида хабар бўйича қуйидагиларни маълум қилади:

Ушбу хабарда номлари келтирилган спортчилар бир неча йил олдин дисквалификация қилингани ва улар аллақачон терма жамоа аъзолари эмаслигини ҳамда спортдан бутунлай четлатилганини маълум қилади. Уларнинг мураббийлари қатъий тарзда огоҳлантирилган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *