Афсонавий Сидней Жексоннинг ўзбек спортидаги ўрни

Бокс иҳлосмандларига спортнинг ушбу туридаги машҳур тренер Борис Гранаткин, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган Владимир Карпов, икки карра Европа чемпиони, Олимпия ўйинлари чемпиони Валерий Попенченко, жаҳон чемпиони Руфат Рисқиев номлари яхши таниш. Уларнинг ҳаммаси СССРда хизмат кўрсатган тренер Сидней Львович Жексоннинг шогирдларидир.

Сидней Львович 1886 йил Нью-Йоркда туғилган. 12 ёшлигидан маҳаллий «Bronx Ridgeon Club» бокс клубида шуғуллана бошлаган. АҚШда профессионал даражадаги боксчи бўлган. У 28 ёшлигида АҚШ терма жамоасидан ўрин олган, жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида ўтказилган нуфузли мусобақаларда қатнашган.

Аммо Глазгода бўлиб ўтган мусобақаларда бармоғи синган ва беллашувларда иштирок эта олмай қолган. Шундан сўнг Биринчи жаҳон уруши бошланганида Россияга келиб, шу ерда яшай бошлаган.

Кейинчалик С.Жексон Тошкентга кўчиб келган ва бу ерда бокс бўйича болалар секциясини ташкил қилди. Ёш боксчилар шуғулланиши учун уларга керак бўлган нарсаларни ўзи тайёрлаб берган. Рингни арқонлар билан ўраган, чармдан қўлқоплар, қопдан машқ грушалари тикиб берган. Болаларга бокс тарихи тўғрисида қизиқарли ҳикоялари билан уларнинг спортга бўлган иҳлосини орттирган.

Жексон Ўзбекистонда бокснинг оташин ташвиқотчиси бўлган, шу билан бирга биринчи сузиш ҳавзалари, футбол майдонлари, теннис кортлари, баскетбол, волейбол майдончалари барпо этиш ташкилотчиларидан бирига айланган.

Сидней Львович бокс секциясида тренерлик қилиш билан бирга Чет тиллар институтида инглиз тилидан дарс берган, унга профессор унвони ҳам берилган.

Жексон Ўзбекистонда 35 йил давомида бокс секцияда тренерлик қилган. Унинг шогирдлари республика, иттифоқ, Европа ва жаҳон чемпионлари бўлишган.

Афсонавий тренер республикада жаҳонда энг кучли бокс мактабларидан бирини яратган, жуда кўп машҳур спортчиларни тарбиялаган.

Сидней Львович Жексон 1966 йилда вафот этган ва Тошкентдаги Боткин қабристонида дафн этилган.

Кўп йиллар давомида Ўзбекистонда Сидней Жексон хотираси турнири ўтказиб келинган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *