АҚШ мактабларида жисмоний тарбия ва спорт масалалари

Америка Қўшма Штатларининг кўпчилик конгрессмен, сенаторлар ва тадбиркорлари Ҳукуматнинг юқори чўққиларига чиқиш ҳамда омадга эришишни спорт орқали деб биладилар. Мазкур фикрга кўпчилик америкаликлар ҳам қўшилади.

Рақобат кайфияти бутун америкаликларнинг ҳаётида мужассам. АҚШда қизлар ва ўғил болалар бошланғич синфлардан рақобат қилишни бошлайдилар. Кейинчалик бу кураш спортга кўчади, чунки ғалаба сари йўл улар учун жуда муҳим.
Америкаликлар спортда мағлубият учун ўрин йўқ деб ҳисоблашади. Шунинг учун улар доимо муваффақият сари интилиб, ғалабани нишонлашни жуда афзал кўришади, “…биз учун мағлубият – бу миллат учун уят…”-деб ёзган машҳур адиб ва педагог Ж.Тунис.

Америкада жисмоний тарбия ва спортнинг ривожланганлигини хар бир қадамда кўриш мумкин. Бу билан АҚШ аҳолисида жисмоний тарбия ва спортга бўлган эҳтиёжларини қай даражада эканлигига гувоҳ бўламиз.

Кўпчилик америкаликлар аллақачон ушбу оддий нарсани тушуна олганлар: саломатликни асраш жуда ҳам осон, ёмонлашган соғлиқни қайта тиклаш эса анча қимматга тушиши мумкин. Шунинг боис улар доимо саломат юришлари учун стадионлар, спорт майдончалари, фитнес-марказлар, сузиш ҳавзалари, гольф учун майдончалар, теннис кортлари ва спорт инвентарлари зарур. Ушбу нарсаларнинг барчаси аҳолига қулай ва замонавий бўлиши керак. Чунки америкаликлар учун муваффақиятли инсон – бу соғлом, жисмонан бақувват ҳамда ўзининг саломатлигига доимо эътибор берадиган шахсдир.

Америка жисмоний тарбия ва спорт уюшмаси (NASPE) мактабдаги болаларнинг жисмоний тарбиядаги асосий мақсадларини қуйидагича изоҳлайди:
– жисмонан етук инсоннинг шаклланиши;
– бутун ҳаёти давомида ҳаракатда бўлиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш.

Шундай қилиб, АҚШда таълим тизимининг умумий мақсадларига таълим ва билим олиш, узоқ муддат ижодий фаолият билан шуғулланадиган рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш ва бошқа йўналишлар киради.

Хар бир мактаб округи, мактаб, жисмоний тарбия ўқитувчиси Ҳукумат дастурларидан келиб чиқиб ўзининг шахсий режасини тузиши керак. Тузиладиган дастурлар мактаб хусусиятлари ва шароитларидан келиб чиқиб мослашиши шарт.

Эвенстон (Иллинойс штати)даги мактабда тайёрланган ва амалиётга муваффақиятли татбиқ этилган дастур АҚШ олимлари томонидан ишлаб чиқилган энг оптимал дастур ҳисобланиб, қуйидаги йўналишларни ўз ичига қамраб олган:
– ўқувчилар билан хар куни жисмоний тарбия дарсларини ўтказиш зарурати;
– жисмоний тарбия дарсларида ҳаракатчан машқларни 50 %га кўтариш;
– 9 ва 12-синф ўқувчилари ўзлари ҳаракат фаолиятини танлайдилар,
10 ва 11-синфларда эса ягона мажбурий дастур орқали барча дарслар ўтказилади;
– ақлий ривожланиши секин бўлган болалар учун машғулотлар, хореография курслари, ижтимоий-психологик коррекцияга муҳтож бўлган болалар учун махсус курс;
– йил давомида жисмоний тарбия дарсидан 4 та факультатив машғулотлар, ўқувчиларга жисмоний фаоллигининг 20 та тури билан шуғулланиш таклиф этилади;
– йилига икки маротаба жисмоний ривожланишни баҳолайдиган тестлар ўтказиш ҳамда натижаларини ўқувчиларнинг шахсий карталарга киритиш;
– гигиена бўйича мажбурий курс;
– қизлар ўртасида 11 та, ўғил болалар ўртасида 12 та спорт турларидан доимий мактаблараро мусобақаларни ўтказиш ва бошқалар.

Мактаб округининг тасарруфида бир нечта катта спорт заллари, иккита сузиш ҳавзалари, тренажер зали, гимнастика ва спорт курашлари билан шуғулланиш учун заллар, 11 та теннис кортлари ва рақс студияси бўлиши лозим.

Ўқитувчилар ўзининг касбий маҳоратини доимий ошириши лозим (махсус семинар, анжуманларда ва мутахассисларнинг маслаҳатларида).

Хулоса қилиб айтганда, АҚШда ҳар бир муассаса ўз ўқув дастурларини шакллантиришда миллий стандартлардан фойдаланади. Бундан ташқари бу жараёнда АҚШнинг жисмоний тарбия ва спорт йўналишида етук ташкилотларнинг тавсиялари ҳам, албатта, инобатга олинади.

Ушбу дастурлар педагог ва тренерларнинг юқори малакаси билан бирга, соғлом турмуш тарзини тарғибот-ташвиқот қилиш ҳамда ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан доимий шуғулланишига жалб этишда, миллатнинг соғлигини яхшилашда катта аҳамиятга эга.

Мақолани тайёрлашда қуйидаги интернет ресурслардан фойдаланилди:
1. https://edutravel.ru/rejtingi-uchebnyh-zavedenij/rejting-sportivnyh-shkol-ssha
2.http://www.directtalk.ru/article/shkoly-ssha-i-kanady-so-sportivnym-uklonom-luchshee-obrazovanie-dlya-buduschih
3. https://topspinsport.ru/articles/fizicheskoe-vospitanie-v-ssha-put-k-zdorovyu-natsii/

МОҚ Олимпия спорт турларини координация қилиш 
Бош мутахассиси Беҳзод Ибрагимов

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *