БАА Гран-присидан олдин Пара енгил атлетикачиларимиз билан онлайн видеомулоқот ташкил этилди

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 10-14 февраль кунлари Дубай шаҳрида Пара-енгил атлетика бўйича халқаро Гран-при мусобақаси бўлиб ўтади. Айтиш керакки, ушбу мусобақа “Токио-2020” ёзги Паралимпия ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланма беради. Шу сабабли вакилларимиз ушбу мусобақага ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўришлари учун айнан Дубай шаҳрида бир ойлик халқаро ўқув-машғулот йиғинини ташкил этилди.

Бугун пара-атлетларимиз билан ZOOM платформаси орқали онлайн видеомулоқот ўтказилди. Унда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси Мухторхон Ташходжаев, МОҚ раиси ўринбосарлари Азизжон Камилов ҳамда Шерзод Ташматов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ўринбосари Дилноза Каттахонова, МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори Абдушукур Садиков, “Sport” телеканали директори Зоҳид Каримов, “Спорт” газетаси бош муҳаррири Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, шунингдек, МОҚ ва МПА мутасаддилари иштирок этди.

Ҳурматли Паралимпиячиларимиз, Сизлар юксак матонат ва ирода соҳибисизлар. Олдинда турган мусобақада барчангизга фақат ва фақат омад тилаб қоламиз. Кўриб турганингиздек, бу Президентимизнинг Сиз ёшларга бўлган эътибор ва ёрдамлари. Бу ҳали бошланиши. Янги Ўзбекистон ёшларимиз учун бунданда юқори имкониятларни яратиб беради. Токио Паралимпиадасига тайёргарлик борасида барча шароитлар муҳайё қилинади. Биз Миллий Паралимпия ассоциацияси билан бир жамоа бўлиб, Сизларни доимо қўллаб келамиз. Насиб қилса, Токиода Риодагидан ҳам яхши натижалар кўрсатиб келамиз”, – деди МОҚ раиси.

Йиғилиш давомида А.Камилов, Ш.Ташматов, Б.Махситов, Д.Каттахонова, З.Каримов, М.Тўхтамирзаев ва бошқа қатнашчилар сўзга чиқиб, пара-атлетларимизга бўлажак мусобақада омад тилаб ўтишди. Айниқса, спортчиларимизнинг ота-оналари томонидан ёзиб олинган видеомурожаат атлетларимизни мусобақадан аввал янада тўлқинлантирди дейиш мумкин. Ўз навбатида, спортчиларимиз Наталья Семёнова, Муҳаммад Рехсимов, Тимур Гиязов қаратилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик учун муҳтарам Президентимиз ва ҳукуматимизга миннатдорчиликларини изҳор қилиб ўтишди.

«Биз илгари Германия, Австралия ва бошқа етакчи мамлакатлар жамоаларининг мусобақадан анча аввал келиб, узоқ муддатли йиғин ўтказишларини кўрганимизда ҳавас қилиб қолар эдик. Мана энди биз ҳам шундай амалиёт билан ишлаяпмиз. Бунинг учун бизга мана шундай шароитлар яратиб бераётган юртбошимизга ташаккур айтиб қоламиз«, – деди мураббий Мавлон Ҳайдаров.

Маълумот учун, айни пайтда пара-енгил атлетика бўйича терма жамоамиз ҳисобида 8та йўлланма мавжуд. Ишонамизки, ушбу мусобақадан сўнг жамоамиз ҳисобидаги йўлланмалар сони янада ортади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *