Баҳромжон Газиев: “Ишончим комилки, корнавирусни енгиб, ҳар қачонгидан кучлироқ ва аҳилроқ бўламиз»

Жуда қисқа вақт ичида коронавирус инфекцияси пандемияси бутун инсониятнинг одатий ҳаётидаги қатор ўзгаришларга сабаб бўлди. Муҳим давлат ва сиёсий тадбирлар, спорт мусобақалари бекор қилинди, аҳолининг бир қисми масофадан ишлаш тарзига ўтди. COVID-19 дунёни бирдан ўзгартириб, янги шароитга мослашишга ундади.

Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси пандемия даврида қандай қийинчиликларга дуч келгани ва бу даврда қанақа ишлар қилинганлиги ҳақида федерация раиси Баҳромжон Газиев гапириб беради.

Баҳромжон Газиев: “2019 йил июль ойида Ўзбекистон замонавий бешкураш федерациясининг тезкор ва узоқ муддатли иш режаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Федерациянинг узоқ муддатли иш режаси 2028 йилгача мўлжалланган бўлиб, ўз ичига иккита Олимпия циклини қамраб олган. Асосий вазифалардан бири 2022 йилда бўлиб ўтадиган, ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинларига ўзбек спортчиларини тайёрлаш ва уларнинг иштирокини таъминлаш эди.

COVID-19 инфекциясининг пандемияси дунё ва миллий спортнинг режалаштирилган тадбирларига жиддий таъсир кўрсатиб, ўзгаришлар оқимига ҳаёт тарзини мослаштирмоқда. Шу тариқа, Токио-2020 Олимпия ўйинлари 2021 йилга қолдирилди. Афсуски, 2021 йилда Олимпия ўйинларининг ўтказилиши ҳали ҳануз таҳдид остида қолмоқда. Вируснинг олдиндан билиб бўлмайдиган таъсири, барча спорт тадбирлари учун юқори даражадаги хавфни сақлаб қолмоқда. Энг қайғулиси ўсмирлар Олимпия ўйинларининг 2022 йилдан 2026 йилга қолдирилиши бўлди.

Ушбу катта ҳажмдаги зарбалар спортчиларнинг маънавий ва жисмоний тайёргарлигига путур етказмоқда. Бутун карьерасининг бошланғич мақсади шу даражадаги Ўйинларда қатнашиш бўлган баъзи спортчиларга энди у ерда иштирок этиш насиб қилмаслиги ҳам мумкин.

Ўзбекистон замонавий бешкураш федерациясининг раиси сифатида мен карантин чекловлари ва ўз-ўзини изоляция қилиш даврида замонавий бешкурашни ривожлантириш бўйича федерация томонидан янги узоқ муддатли режа ишлаб чиқилиши учун қарор қабул қилдим. Шу мақсадда, федерациямиз томонидан, иккита Олимпия циклини ўз ичига олган умумий ривожланиш концепцияси ишлаб чиқилди. Бироқ, узоқ муддатли ва башорат қилиш қийин бўлган пандемия туфайли, оралиқ мақсадларга эришиш учун аниқ марраларни белгилаш ҳали тасдиқланмади. Федерациямиз халқаро замонавий бешкураш иттифоқи, миллий федерациялар, Миллий Олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан доимий алоқада бўлиб, ҳар чоракда ушбу қийинчиликларни ҳал қилиб келмоқда. Машғулотлар, ўқув-машғулот йиғинлари ва мусобақалар режалари ҳар уч ойда ишлаб чиқилиб, тасдиқланиб ва амалга оширилиб келинмоқда.

Ҳар қандай вазиятда бўлгани каби, ушбу қийин даврнинг ҳам ўз афзалликлари мавжуд. Карантин даврида бўш вақт ажрата олганлигимиз сабабли, ундан самарали фойдаланиш мақсадида иш жараёнларининг ички аудити ўтказилди. Шу жумладан молиявий харажатлар, кадрлар ишлари, моддий-техник база ва бошқалар бўйича ҳам. Федерация харажатларини оптималлаштириш, ички иш жараёнларини тузиш ва тизимлаштириш, мутахассислар, мураббийлар ва спортчиларнинг кучли ва заиф томонларини аниқлаш йўллари топилди.

Ишончим комилки, эртами-кечми биз COVID-19 билан боғлиқ замонавий тарих саҳифасини очамиз, йўл қўйилган хатолардан сабоқ олиб, ҳар қачонгидан кучлироқ ва аҳилроқ бўламиз”.

Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *