Беларусда валюта тақчиллиги кузатиляпти. Одамлар ёппасига доллар сотиб олмоқда

Беларусдаги аксарият банкларнинг валюта айирбошлаш шохобчаларида валюта танқислиги кузатилмоқда. Оқибатда доллар ва евронинг нархи ошган.

Фото: Валерий Шарифулин/ТАСС

Ижтимоий тармоқларда Беларусдаги валюта айирбошлаш шохобчаларида доллар турли чекловлар билан сотилаётгани ва айримларида бир кишига 1000 доллардан кўп валюта сотилмаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Россиянинг «Московский комсомолец» нашри ходимлари Минскдаги бир нечта банклардаги валюта айирбошлаш шохобчаларида бўлиб, вазият билан танишган.

Жума куни эрталаб Минскдаги валюта айирбошлаш шохобчаларида доллар етишмаётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади. Нашрнинг Беларусдаги махсус мухбирлари ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотларни текшириб, сабабларини аниқлашга ҳаракат қилишган: «Биз «Немига» метро бекати яқинидаги валюта айирбошлаш шохобчасига борамиз. У ерда ҳеч ким йўқ, чунки «доллар йўқ», деб ёзиб қўйилган», дейилади суриштирувда.

«Эрталабдан харидорлар «талаб кетишди». Одамлар нега бунақа ваҳимага тушяпти, биз ҳам тушунмаяпмиз. Бугун негадир ҳамма доллар сотиб олишга ҳаракат қилмоқда», дейди валюта айирбошлаш шохобчаси ходими.

Журналистлар шаҳардаги бир нечта валюта айирбошлаш шохобчасига борган ва уларда ҳам сотувда доллар, евро йўқлиги, борларида ҳам 200-400 доллар атрофида пул қолгани маълум бўлган.

Банк ходимларидан доллар ва евро нега бирданига тақчиллашиб қолганининг сабабини сўрашганда, улар кўпчилик ваҳимага тушиб, эрталабдан валюта сотиб олиш учун келганини, қисқа вақтда  доллар тугаб қолганини айтишган.

«Охирги кунларда бизга доллар кам олиб келишяпти. Одамлардан сотиб олинган долларни ҳам қайтариб сотаяпмиз. Еврони олиб келмай қўйишганига эса анча бўлди. Одамлар эрталабдан доллар сўраб келаяпти ва борини тезда харид қилиб, тугатиб қўйишяпти. Ҳамма доллар ошиб кетади, деб ваҳимага тушган», деб изоҳ берган банк ходимларидан бири.

Охирги кунларда Европа Иттифоқининг Беларусдаги кўплаб расмий шахсларга санкция жорий қилиши ҳақидаги гап-сўзлар чиққанидан сўнг мамлакатда доллар курси оша бошлаган. 18 август куни 1 АҚШ доллари 2,45 Беларусь рублига тенг бўлган, бугун эса курс 2,56 рублгача кўтарилган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *