Беларусь президенти сайлови натижалари эълон қилинди, мухолифат уни тан олмади

Беларуснинг амалдаги президенти Александр Лукашенко 9 август куни ўтказилган сайловда ғолиб бўлди.

Фото: Reuters

Бу ҳақдаги хабар Марказий сайлов комиссияси (МСК) сайтида эълон қилинди.

«14 август куни Марказий сайлов комиссиясининг Беларусь президенти сайлови натижаларига бағишланган йиғилиши ўтказилди. Комиссия сайлов натижаларини тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилди. Беларусь Республикаси президенти сифатида Александр Григорьевич Лукашенко сайланди», – дейилади хабарда.

Комиссия маълумотига кўра, Лукашенко 80,1 фоиз овоз тўплаган, унинг асосий рақиби Светлана Тихановскаяга 10,12 фоиз сайловчи овоз берган. Бошқа номзодларга берилган овозлар қуйидагича тақсимланган: Андрей Дмитриев – 1,21 фоиз, Анна Канопацкая – 1,68 фоиз, Сергей Черечень – 1,14 фоиз, барчага қарши  – 4,59 фоиз.

Ўз навбатида МСК президентликка номзодларнинг сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақидаги барча шикоятларини рад қилди.

Комиссия Светлана Тихановская, Андрей Дмитриев ва Анна Канопацкая томонидан берилган шикоятларни ўрганиб, келтирилган фактларда овоз бериш натижаларини бекор қилишга асос топмаган. 

Сергей Череченнинг шикояти МСКга етиб бормаган.  У «президентликка номзодлар МСК биносига кириб, кейин қайтиб чиқмаган ҳолатларни кўргани туфайли» шикоят хатини ўз вакиллари орқали бериб юборган. Аммо улар МСК биносига киритилмаган ва уларга хатни почта орқали юбориш шартлиги айтилган.

Беларусь президентлигига номзод Светлана Тихановскаянинг штаби сайловнинг расмий натижаларини тан олишдан бош тортди. 

«Натижалар ҳақиқатдан йироқдир», – деб таъкидлади сиёсатчининг матбуот котиби Анна Красулина.

Аввалроқ, Тихановская сайловнинг расмий натижаларини тан олмаслиги ҳақида МСКга биринчи бўлиб шикоят йўллаган эди. Мухолифат штаби вакиллари мустақил равишда тўпланган маълумотлар Тихановскаянинг сайловда 70-80 фоиз овоз олгани ва унинг ғолиб чиққанини кўрсатаётганини таъкидлашмоқда.

Беларусда 6 кундан бери норозилик намойишлари давом этмоқда. Фуқаролар президент сайловининг расмий натижаларига қарши чиқишмоқда. Улар ва кучишлатар идоралари ходимлари ўртасида тўқнашувлар юзага келяпти. Мамлакатнинг йирик саноат корхоналари ишчилари иш ташлаш орқали намойишчиларни қўллаб-қувватлашмоқда. Давлат ОАВ ходимлари ва амалдорлари норозилик тариқасида ишдан бўшаб кетишмоқда.

Мухолифат намойишлардаги зўравонликларга барҳам бериш, тинч намойишлар ва акцияларда қўлга олинган сисёсий маҳкумлар ва фуқароларни озод қилишни, президент сайловини адолатли ўтказишни талаб қилишмоқда.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *