Бир клуб тарихи: Вақтни қувиб ўтган «Эвертон»!

SPORTS.uz нашри энди ушбу рукн остида жаҳоннинг кўзга кўринган, ўз мухлисларига эга клублари билан яқиндан таништиришни бошлайди. Нима учун «Эвертон»дан бошланди, дейсизми? Гап шундаки, улар деярли 100 йилдан бери ҳамшаҳарлари – «Ливерпуль»нинг соясида қолиб кетмоқда. Ваҳоланки, ушбу клуб мухлисларида ҳам мақтанса арзигулик ўтмиш ва ишонса бўладиган келажак мавжуд. Шу боис, доимо эътиборимиздан четда қолишига ўрганиб қолган жамоадан бошлаймиз. Ушбу рукнимиздаги мақолаларда сиз клубнинг тарихи, унинг энг бахтли онлари ва бугунги кундаги аҳволи ҳақида билиб олишингиз мумкин.

Чиройли тарих эгаси…

everton5

Англия премьер-лигаси бугунги кунда биринчи рақамли футбол чемпионати экани ҳеч кимга сир эмас. Ушбу юрт клублари тўқнашуви деярли бутун дунёдаги футбол мухлислари эътиборида бўлади. АПЛнинг шиддати, ундаги интригани бошқа бирорта чемпионатда учратиб бўлмайди. Бу турнирни ташкил этган 20 та клубга қойил қолмасликнинг имкони йўқ. Агар ушбу жамоалардан бирига разм солсангиз, албатта унинг бир асрлик ўтмиши бор эканлигини тушуниб етасиз.

Бугунги авлод мухлислари ушбу жамоанинг ўтган асрда қандай натижаларга эришганидан бехабар эканлиги турган гап. Шундай бўлса-да, биз бугун муштарийларимиз учун «Эвертон» клубининг ўтмишига саёҳат уюштирамиз. «Эвертон» XXI асрда айтарли ҳеч қандай натижа кўрсатгани йўқ. «Манчестер Юнайтед» афсонаси Рунини кашф этгани, А Серия тўпурари Лукакуни тарбиялаганини инобатга олмаса, айтарли ҳеч қандай воқеа содир бўлмади. Шу важдан, кўплаб мухлислар кўз ўнгида «ирислар» ўртамиёна инглиз клубидек таассурот уйғотиши мумкин, аммо тарихга назар солгач, бу клуб ҳақидаги фикрларингиз ўзгариши турган гап.

Қадимий шаҳар вакиллари…

Буюк Британиядаги Мерсисайд графлиги бугунги кунда Ливерпуль шаҳри номини олган. Айнан шу сабабли, «Ливерпуль» ва «Эвертон» ўртасидаги тўқнашувга “Мерсисайд дербиси” номи берилган. Шаҳар аҳолиси сони беш юз мингга яқин. Бу мамлакатдаги 3-кўрсаткич дегани!

Ливерпуль ҳақидаги энг тарихий қўлёзмалар 1190 йилларда ёзилган бўлиб, Европадаги энг қадимий шаҳарларидан бири саналади. Ливерпуль сўзи инглизчадан таржимада лойқаланган сув ҳавзаси маъносини англатади. 1880 йилга келиб, инглизлар Ливерпуль шаҳрини ўз хариталарига киритишди. Иккинчи жаҳон уриши ва ундан кейинги шаҳар анча ривожланиб кетди. Янги заводлар ва янги иш ўринлари учун «Ливерпуль»га Англиянинг ҳар еридан одамлар кўчиб кела бошлади.

1960 йилларга келиб, шаҳар бутун дунёда машҳур бўлиб кетди. Бу афсонавий «The Beatles» гуруҳи сабабли амалга ошгани ҳеч кимга сир эмас. Айнан шу қўшиқчилар туғилиб ўсган шаҳарни томоша қилиш мақсадида деярли 50 йилдан бери туристлар Ливерпулга ташриф буюрмоқда.

Футбол ушбу шаҳар аҳолиси учун биринчи рақамли спорт тури саналади. Шунингдек, аҳоли 2007 йилда ташкил этилган маҳаллий баскетбол жамоаси – «Мерси Тайгерс»ни ҳам фаол қўллаб-қувватлайди. Шаҳар четида эса, Сэр Алекс Фергюсоннинг севимли отчопари жойлашган. МЮ афсонаси ҳали ҳамон отлар пойгасини томоша қилиш учун келиб туради. Бундан ташқари, клубда бир нечта регби жамоалари ҳам мавжуд, аммо уларнинг мухлислари кўп, деб бўлмайди.

Икки асрлик қўрғон…

«Ирислар»нинг уй аренаси саналган «Гудисон Парк»ни 1892 йилда бунёд этишган. Шу боис, у «туманли альбион»даги энг кекса ареналардан бири саналади. Клубнинг бюджети катталашгач, улкан стадионга эҳтиёж сезишни бошлади. Жорий йилнинг ёзида клуб янги, 50 минглик стадион қурилишини тез орада бошлаши ҳақида маълумот берди. Агар ушбу ўйингоҳдаги ёрқин хотиралар ҳақида гап кетса, 1966 йилдаги ЖЧни алоҳида эътироф этиш лозим. Стадион ўз бағрида мундиалнинг нақд 5 та ўйинини ўтказган.

Мамлакат тепасига «темир хоним» келгач, ушбу арена атрофидаги қоидабузарликлар кўпайиб кетди. Маргерет Тетчернинг олиб борган сиёсати сабаб стадион атрофидаги бинолар эскириб қолди. Эътиборлиси шундаки, «Эвертон»нинг азалий душмани – «Ливерпуль» жойлашган «Энфилд» «Гудисон Парк»га жуда яқин жойлашган. Уларни орасини биргина “Стенли” боғи ажратиб туради. Айнан ўша боғда бўлсангиз, ҳеч қачон «Ливерпуль» мухлиси эканлигингизни ошкор қилманг. Сабаби, муаммоларингиз кўпайиб кетиши аниқ! Гап шундаки, “Стенли” боғидаги исталган инсон сизга яқин келиб, «Ливерпуль» ёки «Эвертон»дан бирини танла, дейиши мумкин. Агар жавоб «ирислар» мухлисларига ёқмаса, эртаси куни юзингиздаги кўкарган жойларни беркитишга тўғри келади. Бу кулгили кўриниши мумкин, аммо Англиядаги энг жанжалкаш мухлислар айнан «Эвертон» жамоасига тегишли. Улар «Ливерпуль» билан тинимсиз курашлар оқибатида анча агрессивлашиб кетган. Бу ҳақида инглиз нашрлари ҳам бир неча маротаба ёзган, бироқ ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.

Клубни ким ташкил этган?

«Кўклар»нинг клуб сифатида пайдо бўлиши 1878 йилда содир бўлди. Ливерпуль шаҳрининг Эвертон мавзесидаги Авлиё Доминго черкови ушбу клубга асос солди. Бунга қадар, бу черков ходимлари крикет клубида ҳаракат қилар эди. Крикетнинг секин-аста футболдан ортда қолаётганини кўрган роҳиблар 1878 йилда кейинчалик мавзе номи билан аталувчи футбол клубига асос солишди. Аввалига, клубга «Цент Доминго» номи берилди. Клуб мусобақаларда иштирок этишни бошлагач, 1879 йилда жамоа номи «Эвертон»га ўзгартирилди.

1888 йилда «ирислар» Англия футбол лигасидан расман ўрин эгаллади. Шу ўринда, уларнинг ўзгача лақаблари ҳақида. Ливерпуль шаҳри ҳали ҳамон бутун Британиядаги энг кўп қандолатчилик маҳсулотларини етказиб берувчи саналади. Шу боис, уларга «ирислар» лақаби берилган. Энди яна 1888 йилда қайтамиз. «Эвертон» ўзининг биринчи мавсумида турнир жадвалининг 8-ўринидан жой олди. Барча омадсизликка қарамай, орадан икки йил ўтиб «Эвертон» мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Афсуски, футболга катта пуллар кириб келишни бошлагач, «Эвертон»нинг ҳомийлари клубни пулдан сиқиб қўйди. Оқибатда, клуб янгича йўналишда ҳаракат қилиш мақсадида янги ҳомийлар излашга тушиб кетди. Оқибатда, клуб «Энфилд»ни тарк этди ва ўзи учун «Гудисон Парк»ни қуриб, унга кўчиб ўтди. Ачинарлиси шундаки, «Эвертон» ўз аренасида нақд 4 бор Англия кубоги финалида тўп сурди, аммо фақат бир бор бош совринга эга чиқди. 1915 йилга келиб, жамоа ўз тарихида иккинчи бор Англия чемпионлигини нишонлади. Бу ғалаба клубнинг биринчи жаҳон уриши олдидан энг сўнгги натижаси бўлиб қолди.

1925 йилда «ирислар» ўз тарихидаги энг яхши трансферни амалга оширди. Улар 3 минг фунт эвазига Уильям Динни таркибга қўшиб олди. Ҳужумчи ўзининг илк мавсумида 38 та ўйинда майдонга тушди ва 32 та гол киритди. Динни клуб мухлислари яхши кўриб қолди. Футболчи келаси мавсумда чемпионлик учун кураш олиб боришга ваъда беради, бироқ кутилмаган воқеа ҳаммасини остун-устун қилиб юборади. Қаҳрамонимиз ўзининг мотоциклида автоҳалокатга учрайди ва оғир аҳволда шифохонага олиб келинади. Шифокорлар қанча уринишмасин Дин кома ҳолатига тушиб қолади. Ўша даврлардаги газеталарда ёзилган мақоладан парча «The Sun» нашри яқиндагина эълон қилган эди.

«Даҳшат! Дин ўлим тўшагида ётибди. Бир ойдан ошди. У ўзига келгани йўқ. Шифохона атрофида “миналанган” мухлислари асабий ҳолатда туришибди. «Эвертон» фанатлари деярли ҳар куни ундан хабар олгани келмоқда. Мана буни мухлислик деса бўлади.”

Дарҳақиқат, ўша воқеадан сўнг, «ирислар» мухлислари футболчини 2 ой давомида ёлғиз қолдиришмади. Уильям ўзига келди ва қисқа муддатда спорт формасини тиклаб олди. 1928 йилда эса, бир мавсум давомида чемпионатда 60 та гол киритишни уддалади. Бу рекорд ҳалигача янгилангани йўқ. Кейинчалик футболчи ўз интервьюларидан бирида «Эвертон» мухлислари ҳақида жуда чиройли сўзларни келтириб ўтган эди.

«Мен ҳаракатсиз ётар эдим, аммо хонамда «Эвертон» мухлислари бор эканлигини сездим. Улар менинг ўтган мавсумда киритган голларим ҳақида суҳбатлашиб ўтиришар эди. Мийиғимда кулиб қўйдим. Уларнинг ҳар куни олдимга келишаётганини сезардим ва бу менга қўшимча куч берар эди. Ҳаётга яна қайтишим учун «Эвертон»нинг меҳри ва тафти катта роль ижро этган”.

1933 йилга келиб, «Эвертон» Англия кубогида зафар қучди. Эътиборлиси шундаки, айнан ўша учрашув финалида илк бор футболчилар рақамларда майдонга тушди. Ўлимни енгиб ўтган Динга 9-рақам топширилди. Шу боис, клуб ўзининг 9-рақамдаги футболчиси бошқалардан устунроқ бўлиши керак, деб ҳисоблайди. «Манчестер Юнайтед» учун 7-рақам қанчалар қадрли бўлса, бугунги кунда «Эвертон» учун 9-рақам шу даражада муҳим. Ўша финалдан сўнг, Диннинг ўйинларида секин-аста пасайиш кузатилди. 1938 йилда унинг ўрнини 19 ёшли Томми Лоутон эгаллади. Бу йигитчага аввалига ҳеч ким ишонч билдирмади, аммо 1938/39 йилги мавсумда Томми ҳаммани ҳайратда қолдирди. У 34 та гол киритди, клуб эса чемпионликни нишонлади. Чемпионликдан сўнг, «Эвертон»нинг бошига бахт қуши қўнган эди, бироқ иккинчи жаҳон уриши барчасини барбод қилди.

«Эвертон» учун қора кунлар 1946 йилдан бошланди. Молиявий муаммолар сабабли клуб Томми Лоутонни «Челси»га сотиб юборди. Мерсерни эса, «Арсенал»га трансфер қилишди. Яна 7 та футболчи яхшироқ маош тўлайдиган клубга кетиб қолди. Чемпионликни нишонлаган етакчилардан фақат дарвозабон – Клифф Бритонгина жамоага содиқ қолди. Афсуски, янги жамоа Англия клублари билан рақобатлаша олмади. «Эвертон» ўз тарихида иккинчи бор 2-дивизионга тушиб кетди. Улар 3 мавсум давомида таркибни шакллантиргач, яна элитага қайтишди. Эътиборлиси шундаки, бошқа ҳеч қачон пастга шўнғимади.

1960 йилга келиб, «Эвертон» ўзини анча тиклаб олди. Жамоа тепасига итальянча фикрлайдиган Гарри Кеттрик келгач, клуб ҳимояга асосланган футбол намойиш эта бошлади. Олдинда эса, Рой Вернон ва Алекс Янг тандеми 46 та гол киритишга муваффақ бўлди. 1966 йилда Кеттрик жамоаси Англия кубогида зафар қучди. Мураббийнинг ўзгача услубда ҳаракат қилиши, кўплаб инглиз клублари учун муаммо туғдиришни бошлади. Орадан икки йил ўтин, «Эвертон» яна бир бор кубокни ўзиники қилиб олди. Итальянча «Эвертон»нинг олтин даври якунида (1969/70) клуб чемпионликка эришди. Афсуски, мураббий соғлиғи ёмонлашгач, клубни тарк этишга мажбур бўлди. Бу йўқотиш “ирисчилар” учун 10 йиллик омадсизлик олиб келди. Клуб 1980 йилларга қадар турнир жадвалининг ўрталарида юрди. 80 йиллар бошида клуб эгалари мураббий сифатида яқинда футболчилик фаолиятини тугатган Горвард Кеннделни тайинлади. Бу қарор бошида омадсизликка учради. Илк 21 та ўйиннинг атиги 6 тасида ғалаба қозонган мураббий кетишга қарор қилди ва ариза ёзди. «Эвертон»нинг ўша пайтлардаги президенти Филип Картер эса, бу аризани йиртиб ташлади ва унга ишонч билдирди. Якунда бу юриш ўзини супер даражада оқлади. Омадсиз стартга қарамай, «Эвертон» ўша йили кубокда зафар қучди. Чемпионатни 7-ўринда якунлади.

EVerton9

1984/85 йилги мавсумда эса, ёш мураббий ўзининг ғояларини футболчиларга тўлиқ сингдиришга муваффақ бўлди. Оқибатда, «Эвертон» мамлакат чемпионлигини нишонлади. Боз устига, клуб тарихидаги ягона халқаро ғалаба ҳам айнан шу мураббий қўл остида жамоа тарихига ёзилди. 1985 йилги Кубок эгалари кубоги финалида жамоа Венгриянинг «Рапид»и устидан ғалаба қозонди ва турнирда зафар қучди. Бу ғалабадан сўнг, «Эвертон» Европа Чемпионлар кубогида иштирок этиши лозим эди, бироқ «Ливерпуль» ва «Ювентус» ўртасидаги ўйиндаги мудҳиш воқеа ҳаммасига чек қўйди. 39 киши оламдан ўтгани учун Англиянинг барча клублари халқаро турнирлардан олиб ташланди. «Эвертон» эса, ўз тарихидаги энг кучли таркиб билан Еврокубокдан мосуво бўлди. «Скаузерлар»нинг ашаддий мухлислари ўша таркиб билан Европа Чемпионлар кубогида зафар қучишлари мумкин эди.

Кенндал кўп ўтмай, жамоани тарк этди. Унинг ўрнини Колин Харви эгаллади. У 3,5 йил давомида айтарли ҳеч нарсага эриша олмади. Тўғри, бир бор жамоани кубок финалигача олиб чиқди, бироқ финалда «Ливерпуль»дан мағлуб бўлди. Бу клуб мухлислари учун икки ҳисса аламли бўлди. Оқибатда, унга ҳам чиқиш эшиклари кўрсатиб юборилди. Жамоани қутқариш мақсадида Майк Уокер таклиф этилди. у ҳам омадсизликка учради. 15 та ўйиндан атиги битта ғалаба қозонган мураббийнинг ўрнини жамоа фахри Жо Рой билан тўлдиришди. Ройга ҳеч ким ишонмади, бироқ ёш мураббий ҳаммани ҳайрон қолдирди. У таркибни тажрибали футболчилар билан бойитди. «Навбаҳор» жамоаси собиқ устози Андрей Канчельскис, Гэри Спид ва Данкан Фергюсон янги «Эвертон»нинг устунига айланди.

Рой кетгач, мухлисларнинг талабига биноан, Испанияга кўчиб кетган Кенндел ортга қайтарилди. Афсуски, мўъжиза содир бўлмади. Клуб “мўъжиза” сабабли элитада жон сақлаб қолди.

Бу орада инглиз клублари ичида «Ливерпуль» ва «Манчестер Юнайтед» ажралиб чиқди. Кўп ўтмай, уларга «Арсенал» ва «Тоттенхэм» қўшилди. «Эвертон» эса, ўтмишдаги ширин хотираларни ёдга олишдан бошқа чора топа олмади.

evrton7

2002 йилда «Эверон»да янги эра бошланди. Дэвид Мойес бошчилигидаги «ирислар» ўз ўринларини секин-аста эгаллашни бошлади. Дэвид Мойес Рунини кашф этгач, унинг атрофида чемпион жамоани қурмоқчи эди, бироқ Сэр Алекс ишга аралашади. У Уэйнни ўз жамоасига олиб келади ва «Эвертон»ни жуда қийин аҳволда қолдиради.

21-асрдаги «Эвертон»нинг энг яхши натижаси сифатида 2004/05 мавсумни қайд этиш мумкин. Ўша йили Мойес шогирдлари Европа Чемпионлар Лигаси учун йўлланма берувчи 4-ўринни банд қилади. 4-ўрин учун ҳал қилувчи жангда «Ливерпуль» доғда қолдирилгач, барча мухлислар янги эра бошланаётгани ҳақида бонг уришни бошлайди. Афсуски, Дэвиднинг клуб сафида 12 йил иш олиб боргани ҳеч қандай наф бермайди. Боз устига, у Сэр Алекснинг ўрнини эгаллаш мақсадида Манчестерга кўчиб кетади. Мойес кетгач, «Эвертон» Англиянинг энг ўртамиёна жамоасига айланиб қолади. Кейин, клуб ҳар қанча уринмасин АПЛ грандлари билан ўртадаги фарқни йўққа чиқа олмади.

Клуб сафида тўп сурган энг машҳур футболчилари:

Рой Вернон

Томми Райт

Данкан Фергюсон

Гэри Спид

Дикси Дин

Пол Гаскойн

Гари Линекер

Микель Артета

Маруан Феллайни

Лейтон Бэйнс

Шеймус Коулмен

Тим Ховард

Фил Нэвилл

Уэйн Руни

Росс Баркли

Гарет Барри

Ромелу Лукаку

Хамес Родригес

Эришилган ютуқлар

Англия чемпионлиги – 1891, 1915, 1928, 1932, 1939, 1962, 1970, 1985, 1987

Англия кубоги – 1906, 1933, 1966, 1984, 1995

Англия супер кубоги – – 1928, 1932, 1963, 1970, 1984, 1985, 1986, 1987, 1995

Кубок эгалари кубоги – 1985

Муаллиф фикри:

Everton8

«Эвертон» жамоаси ўтган аср сўнгги ва янги аср бошида бироз оқсади. Шу боис, клубнинг лигадаги рақиблари анча илгарилаб кетишди. Шунга қарамай, у Англиядаги мухлислар қувватига эга энг кучли клуб бўлиб қолаверади. Азалий рақиб «Ливерпуль»нинг ғалабаларига индамай сабр қилаётган «ирислар» ўз даври келишини кутмоқда. Ҳозирча улар сабр билан кутишмоқда. Мухлисларнинг яна клуб учун “олтин давр” келишига ишончи баланд. SPORTS.uz эса, воқеалар ривожини сиз азизлар билан биргаликда кузатишда давом этади.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *