Барчага яхши маълумки Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси йилдан йилга спорт турлари қамровини кенгайтириб бормоқда.

Масалан, 2008 йил Пекинда ўтказилган ёзги Паралимпия ўйинларида бор йўғи 2 та спорт туридан қатнашилган бўлса, орадан 4 йил ўтиб Лондондаги мусобақада 4 та спорт турида иштирок этилди. 2016 йил Рио мезбонлик қилган Паралимпия ўйинларида эса вакилларимиз 5 та спорт турида кураш олиб боришди.

Эътиборлиси, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раҳбарияти келгуси йил Токиода бўладиган навбатдаги Паралимпия ўйинларида 7 та спорт турида иштирок этишни таъминлашни мақсад қилган. Янги қўшилган спорт турларидан бири бу  пара таэквондо ҳисобланади. Айни дамда пара таэквондочиларимиз Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўқув йиғин машғулотларини олиб боришмоқда. Биз эса у ерга ташриф буюриб, терма жамоамиз бош мураббийи Бобур Қўзиев билан олдиндаги режалар ҳақида қисқача суҳбатлашдик.

-Пара таеквондони юртимизда ривожлантиришга нима туртки берди?

-Мен узоқ йиллардан буён таеквондо бўйича мураббий сифатида ишлаб келяпман. Фаолиятим давомида асосан соғлом спортчилар билан ишладим, юқори натижаларга эришдим. Очиғи, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясининг ушбу спорт турини имконияти чекланган спортчилар ўртасида ҳам ривожлантиришни мақсад қилганидан ва бу борада менга таклиф билан чиқишганидан хурсанд бўлдим. Чунки, улар орасида ҳам истеъдодлилари етарли. Шу боис мен ортиқча ўйланишларсиз Ўзбекистонда пара таеквондони ривожлантириш бўйича берган таклифига розилик билдирдим.

88

-Ҳозирда қўл остингизда қанча спортчи шуғулланмоқда?

-Айни дамда пара таэквондо бўйича миллий терма жамоамизда 2 нафар қиз бола ва 9 нафар йигит шуғулланмоқда. Улар бизнинг асосий таркиб спортчиларимиз ҳисобланишади.

-Пара таэквондочиларимизни олдинда қандай йирик мусобақа кутмоқда?

-Жорий йилнинг 29-31 октябрь кунлари Италиянинг Бари шаҳрида Европа очиқ чемпионати бўлиб ўтади. Ҳозирда бор эътиборимизни айнан мана шу мусобақага қаратганмиз. Боиси, ушбу турнир Токио-2020 Паралимпия ўйинлари учун муҳим рейтинг очколарини тақдим этади. Биз Италиядаги мусобага 2 та аёл ва 5 та эркак спортчи билан боришни режалаштирганмиз.

-Қайси шогирдингизнинг имкониятларини юқори баҳолайсиз?

-Қўл остимдаги барча спортчиларнинг ҳаракатлари яхши. Айниқса, +58 кг вазн тоифасида иштирок этадиган Гулжаной Наимова қолганларга нисбатан Токио-2020 йўлланмасини қўлга киритишга анча яқин. Агар бу қизимиз Италиядаги турнирда муваффақиятли иштирок этса, Паралимпия ўйинларига йўлланмани нақд қилади.

999

-Олдигда Токио-2020 га йўлланма берувчи яна қандай мусобақалар қолди?

-Ҳозирда Италиядаги Европа очиқ чемпионатидан кейин 2020 йилнинг март ойида Осиё чемпионати бўлади. Айнан мана шу мусобақа Паралимпия ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланма беради. Биз эса ҳар иккала мусобақада ҳам муваффақиятли иштирок этиб, имкон қадар кўпроқ лицензиялар қўлга киритишни мақсад қилганмиз.

-Пара таэквондо бўйича спортчилар қандай саралаб олинади?

-Биз ҳар йили барча вилоятларга бу борада эълонлар берамиз ва у ердаги вакилларимиз бизга керакли спортчиларни юборишади. Биз эса октябрь – ноябрь ойларида юртимизнинг барча худудларидан келган пара таэквондочиларнинг ҳар бирини 3 кун давомида синовдан ўтказамиз ва шу йўл билан улар орасидан истеъдодлиларини саралаб оламиз.

Leave a Comment