Бокс юлдузи Бектемирдан нима кутяпти?

Россиялик собиқ жаҳон чемпиони Денис Лебедев 30 январь куни Москвада бўладиган Сергей Ковалёв ва Бектемир Мелиқўзиев ўртасидаги жанг олдидан ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

715838

– Мен бу зўр жанг бўлишига ишонаман. Бу тўқнашув Сергей Ковалёвга яна ўз мавқеини қайтариб олиш учун жуда яхши имконият бўлиб хизмат қилади. Бектемир Мелиқўзиев эса, юлдуз даражасидаги боксчига қарши жангда ўзини кўрсатиш имконига эга. Шу омилларни инобатга олиб ажойиб баҳс гувоҳи бўлишимиз аниқ. Жангни кутамиз, – деди Денис Лебедев.

Таъкидлаш жоизки, аслида Сергей Ковалёв кубалик тажрибали боксчи Салливан Баррера билан тўқнаш келиши лозим эди. Бироқ унинг навбатдаги жангини ташкил этишга масъул бўлган Golden Boy промоутерлик компанияси Ковалёвга қарши ўз боксчиси – Бектемир Мелиқўзиевни қўйишга қарор қилди.

Бу бежиз эмас, албатта. Мутахассисларнинг таъкидлашича, DAZN ва Golden Boy бундан буён ўзбекистонлик панчер Бектемир Мелиқўзиевнинг профессионал бокс оламида янги юлдузга айланишини билиб, унинг жангларига алоҳида урғу қаратишга қарор қилган. Бек бугунги куннинг етакчиларидан фарқли ўлароқ, анча ёш, ёрқин ва томошабоп жанг қилади, ўта кучли зарба эвазига нокаут билан ғалаба қозонадиган боксчи. Бунақалар ҳар қандай мухлисни трансляцияларга михлаб қўяди.

Бу хусусият DAZN ва Golden Boy компанияларига айна муддао. Шу боис, ўз даврида суперчемпион бўлган Сергей Ковалёвга қарши профбоксга яқинда қадам қўйган, лекин юқори салоҳиятга эга Бекни рўбарў қилишяпти. Яъни, улар ўзбек боксчисини тезроқ кўтармоқчи.

Профессионал боксчилик фаолиятини 2009 йилда бошлаган Сергей Ковалёв жаҳон боксида ўз номига эга. У ўз даврида супер ўрта вазннинг WBO, WBA (Super), IBF ва IBA йўналишларида жаҳон чемпионлиги, WBC бриллиант камарини қўлга киритган. 37 ёшли боксчи профессионал рингда 34 марта зафар қучган ва шулардан 29 тасини муддатидан олдин ўз фойдасига ҳал қилган.

unnamed_78_1

Ковалёв гарчи Андре Уордга икки маротаба, Элейдер Альварес ва Сауль Альваресга бир мартадан имкониятни бой берган бўлса-да, ҳамон жаҳон рейтингининг юқори поғоналаридаги ўрнини сақлаб турибди. Шунингдек, унинг ҳисобида битта дуранг ҳам бор.

Бектемир Мелиқўзиев профессионал боксчилик фаолиятини Ковалёвдан ўн йил кейин бошлаган. Жами олтита жанг ўтказиб, барчасида зафар қучган. Бешта боксчини нокаут эвазига мағлуб этган. Бек бўлажак рақибидан 13 ёш кичик. Ковалёвнинг жуссаси ҳам ўзбек боксчисиникидан йирикроқ. Лекин унинг бу устунликлари ва бой тажрибаси ҳам унга рингда ёрдам бермаслиги мумкин.

Бўлажак жангда Бектемирнинг асосий устунлиги чапақайлиги. Чап қўл зарбаси унинг энг хавфли қуроли. Ковалёв танага берилган зарбаларни кўтара олмайди. Бекнинг жигарга йўллайдиган зарбаси ўта оғриқли ва оғир. Мутахассислар Ковалёвга чидамлиликни оширишни маслаҳат бермоқда. Уларнинг таъкидлашича, Бектемирда ортиқча вазн йўқ ва унинг чарчаб қолишини кутиш нотўғри бўлади. Ўзбек боксчиси ҳали анча ёш ва сарфлаган энергияси 37 ёшли рус “айиғи”никига қараганда тезроқ тикланади. Бу хусусият 12 раундли жангларда муҳим аҳамият касб этади.

Сергейнинг мураббийи Бадди Макгирт шогирдини Бектемирга қарши жангда масофа сақлашга чақирмоқда. Яқин ёки ўрта мусофадаги зарбалар алмашинувида Бекнинг муштига чидаб бўлмайди.

hqdefault_5_1_1

Юқоридаги омиллар ҳисобига мутахассислар бўлажак жангда Бектемир Мелиқўзиевнинг имкониятини юқори баҳоламоқда.

Таъкидлаш жоизки, 30 январдаги жанг Бектемир учун трамплин вазифасини ўтайди. Чунки ҳамюртимизнинг менежерларидан бири Алико Фролов ўзбек боксчиси ўз вазнидаги етакчиларга  қарши жанг қилишга тайёрлигини таъкидламоқда. Ковалёвга қарши тўқнашувдаги ғалаба Бектемирга янада катта жангларга йўл очади.  

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *