Бугун 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни!

“Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14-октябрдаги 47/3-сонли қарорига асосан ҳар йили “3 декабр – Халқаро ногиронлар куни” сифатида республикамизда кенг нишонланиши ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя сиёсатининг яққол исботидир. Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, айниқса, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд ногиронларга ҳаётда кенг имконият ва шароитлар яратиб бериш масаласига алоҳида аҳамият бериб келинади.

Бутун дунё аҳолисининг 1 миллиарддан ортиғида, яъни еттита кишидан камида биттасида муайан бир турдаги ногиронлик мавжуд. Барча ногиронларнинг 100 миллиондан ортиғини болалар ташкил этади.

– Ушбу кунни нишонлашдан асосий мақсадлардан бири бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.

“Халқаро ногиронлар куни”га бағишлаб ўтказиладиган бугунги тадбирлар ҳам ногиронларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда ўз ўринларини эгаллашларига имкониятлар яратиш борасида республикамизда амалга оширилаётган ишлар, бу борада Муҳтарам Президентимиз томонидан ногиронларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, кенг жамоатчиликнинг ҳам бу савобли ишларда фаол иштирокининг ёрқин намунасидир.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси ҳам ногиронларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, уларга ҳаётда тенг имкониятлар яратиб бериш ва улар ўртасида спортни тарғиб қилишда салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Айниқса, ушбу соҳага ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётгани юртимизда Паралимпия спорти кундан-кунга ривожланиб боришида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Таъкидлаш керакки, якунланиб бораётган 2019 йилда Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси спортчилари 18 та халқаро мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қилишди ва уларда 33 та олтин, 16 та кумуш ва 16 та бронза медалларини қўлга киритишди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *