Бўлажак лицензиатимиз тақдирланди

Айни кунларда “Саховат” сув спорти марказида сузиш бўйича Ўзбекистон очиқ кубоги бўлиб ўтмоқда. Кеча мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Чехия ва Қирғиз Республикаларининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, шунингдек, спорт жамоатчилиги мутасаддилари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Токио Олимпиадасига лицензион турнир статусини олган мазкур мусобақанинг аҳамияти, унда кечаётган рақобат ва ҳукуматимизнинг соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида олиб бораётган сиёсати ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишди.

“Барчангизни азим пойтахтимизда ўтказилаётган сузиш бўйича Ўзбекистон очиқ кубогида кўриб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Ушбу мусобақага Чехия ва Қирғизистон каби мамлакатлардан ҳам спортчилар ташриф буюришган. Қолаверса, Ўзбекистон очиқ кубогини Халқаро сув спорти турлари федерацияси лицензион турнирлар қаторида эътироф этгани унинг аҳамиятини янада оширмоқда. Шу жиҳати билан мазкур турнир бир қатор спортчилар учун унутилмас хурсандчилик тақдим этиши кутилмоқда. Умид қиламизки, бу борада ўзбекистонлик сузувчилар ҳам юқори натижаларни қайд этиб, ўз ғалабалари билан юртдошларимизни хурсанд қилишади”, – деди Ойбек Касимов.

Шундан сўнг мусобақанинг иккинчи кун дастуридан ўрин олган финал беллашувлари ва биринчи кун доирасида шоҳсупага кўтарилган спортчиларни тақдирлаш маросимига навбат берилди. Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг илк кунида 100 метрга эркин усулда сузиш баҳсида ҳамюртимиз Хуршид Турсунов 48.36 сония натижа қайд этиб, Токио-2020 Олимпиада нормативини бажарган эди. Шунингдек, баҳслар давомида Владислав Мустафин, Наталья Критинина каби етакчиларимиз ҳам шоҳсупага кўтарилишди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *