Вазирлар Маҳкамасида регбини ривожлантиришга бағишланган йиғилиш ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида юртимизда спортнинг регби турини ривожлантиришда раҳбарларининг роли, масъулияти ҳамда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Регби федерацияси раиси Содиқ Сафоев, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Авазжон Каримов, Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби, Ўзбекистон Регби федерацияси раисининг ўринбосари Ойбек Касимов ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда дастлаб 2019 йил 29 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида регби спорт турини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4500-сонли қарорнинг ижросини таъминлаш йўлида амалга оширилган ишлар бўйича Ўзбекистон Регби федерацияси раиси Содиқ Сафоевнинг қисқа ҳисоботи тингланди.

Қайд этилишича, регби бўйича малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида 2020-2021 ўқув йилида Ўзбекистон Миллий Университетнинг регби бўлимига 36 нафар талаба, Жисмоний тарбия ва спорт университетига эса 15 нафар талаба ўқишга қабул қилинган.

Содиқ Сафоевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси нуфузли халқаро мусобақаларда фаол иштирок этиб, шарафли ўринларни эгаллаб келмоқда ва Осиё минтақасидаги давлатлар орасида кучли саккизликка кўтарилган.

2020 йил 1 июлда Регби федерацияси раиси Содиқ Сафоев Япониянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Фужияма Ёшинори ва JAIKA вакили Такасака Мунео билан учрашиб, Япония томонининг гранти асосида 2 нафар мураббийни Ўзбекистонда ишлашга юборишга доир келишувга эришди. Шунингдек, қўшма мусобақалар ва ўртоқлик учрашувлари ташкил этишга келишиб олинган.

2020 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Тошкент шаҳрида олий таълим муассасалари ўртасида «Талабалар лигаси», Регби-7 бўйича Ўзбекистон чемпионати, Мудофаа вазирлиги, Миллий Гвардия, ФВВ, ДХХ ва ИИБ ходимлари ўртасида Регби-15 бўйича Ўзбекистон чемпионатлари ҳамда 3 та ёш тоифасида «Олтин Овал» кубогини ўтказиш режалаштирилган.
Кун тартибидаги масала бўйича Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий университети масъулларининг ҳисоботи тингланди.
Йиғилиш якунида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ қишлоғида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари томонидан ўқув-машқ жараёнини ўтказиш учун Ўзбекистон Регби федерациясининг спорт базасини қуришни 2021 йилда тегишли дастурга киритиш бўйича аниқ ишларни амалга ошириш белгиланди.

Маълум қилинишича, яқин вақт ичида «тег-регби» ҳар бир туманда биттадан умумтаълим мактабининг жисмоний тарбия дастурига киритилади ва танланган мактабларнинг жисмоний тарбия ўқитувчилари учун «тег-регби» бўйича ўқув қўлланмалари билан таъминланади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *