Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида янги миллий кенгаш ташкил этилади

Ўзбекистонда аҳолининг барча қатламларини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш орқали аҳолида касалликка қарши иммун тизимини шакллантириш мақсад қилинган.

Президентнинг “Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини ҳар бир фуқаронинг ҳаётига киритишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Республикада жисмоний тарбия ва спортни аҳоли ўртасида янада оммалаштириш ишларининг самарадорлигини оширишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Халқ саломатлиги миллий кенгаши ташкил этилади ва унинг таркиби тасдиқланади.

Кенгашнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

аҳоли саломатлигини жисмоний тарбия ва спорт орқали муҳофаза қилиш соҳасида барча даражалардаги ҳокимликлар ва идоралараро, айниқса, жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш;

вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқаруви органлари ва барча даражалардаги ҳокимликларнинг аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги вазифалар ижроси ҳақидаги ҳисоботларини ҳар чоракда камида бир маротаба эшитиш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат сиёсати амалга оширилиши ҳолати таҳлил қилинишини ташкил этиш;

жисмоний тарбия ва спорт, шунингдек, жисмоний тарбия-соғломлаштириш билан шуғулланувчилар ўртасида тадбирлар (мусобақалар, машғулотлар, фестиваль ва шу кабилар) ўтказилишининг тизимли мониторингини олиб бориш;

бўш турган ер майдонлари ва спорт иншоотларини спорт соҳасида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳаларни амалга оширишга рухсат бериш;

республикада жисмоний тарбия ва спорт соҳасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари тўлиқ ва сифатли бажарилиши чораларини кўриш.

Кенгаш икки ой муддатда:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни спорт билан шуғулланиши учун шароит яратишдаги фаолиятига рейтинг асосида баҳо бериш тартибини;

спорт иншоотлари ва ташкилотлари раҳбарларининг аҳолининг кенг қатламини жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш, зарур шароитларни яратиш, юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаш ва бошқа йўналишлардаги иш фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартибини тасдиқлайди ва амалиётга жорий этади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *