Вазир Сирдарё вилоятида спорт соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев Сирдарё вилоятида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва вилоятда янгидан барпо этилаётган спорт иншоотларида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан яқиндан танишди.

Жумладан, Ширин шаҳрида болалар-ўсмирлар спорт мактаби қошида қурилаётган академик эшкак эшиш базасининг бугунги ҳолати ўрганилди. Умумий қиймати 2,6 млрд сўмни ташкил этаётган ушбу база келажакда терма жамоа даражасидаги ўқув-машғулотлар йиғинлари ўтказиладиган замонавий спорт иншоотига айлантирилади.

Шунингдек, Д.Набиев Сардоба сув омборининг техноген фалокати натижасида талофат кўрган Оқ олтин тумани “Саҳоват” маҳалласи ҳудудида жойлашган спорт майдонларида амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан ҳам танишди. Ушбу маҳаллада тез кунларда бадминтон, баскетбол, волейбол майдонлари ҳамда очиқ тренажёр майдончалари, яъни воркаутлар аҳоли, хусусан ёшлар ихтиёрига топширилади.

Бу каби спорт иншоотлари сирдарёлик ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари ва келажакда етук спортчи бўлиб улғайишларида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати​

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *