Велоспортчиларимиз учун ЎМЙ ташкил қилиш масаласи муҳокама қилинди

Маълумки, ҳукуматимиз томонидан секин-аста карантин чекловлари юмшатилмоқда. Давлатимиз раҳбари шахсан 20 августдан бошлаб спорт соҳасидаги қатор йўналишларнинг фаолиятига рухсат берилишини таъкидладилар. Бу эса Олимпия спорт турлари бўйича терма жамоаларимиз учун ўқув-йиғин машғулотларини (ЎМЙ) бошлаб юбориш, уни муҳокама қилиш масалаларини кўриб чиқишга ундайди.

Бугун ушбу масалалар бўйича Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, МОҚ ҳамда Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси масъул ходимлари, шунингдек, спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби раҳбарияти иштирокида ZOOM дастури орқали Мураббийлар кенгаши онлайн йиғилиши бўлиб ўтди.

Кун тартибидан яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами муносабати билан мусобақа ташкил қилиш, ўқув-йиғин машғулотларни тезроқ ва хавфсиз шароитда йўлга қўйиш, унга жалб қилинадиган спортчилар номларини муҳокама қилиб олиш каби масалалар жой олди.

Биринчи масала юзасидан “Pro-run” югуриш клуби директори Андрей Куликов сўз олиб, мобил иловалар орқали онлайн мусобақалар ўтказиш бўйича ўз таклифларини билдириб ўтди. Шундан сўнг терма жамоа мураббийлар штаби йиғин ташкил қилиш борасида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Қайд этиш жоиз, муҳокамада спортчиларнинг саломатлигига эътибор қаратиш масаласи ўз устуворлигини сақлаб турди.

Шунингдек, мазкур йиғилишда иштирок этган спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби директори Азимжон Юсупов спортчиларимизнинг қулай шароитларда шуғулланишлари учун ҳар доимо ёрдам қўлини чўзишга тайёр эканлигини билдириб ўтди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *