Велотрек бўйича Миллий терма жамоамизда европалик мураббий иш бошлади

Спортчиларимизни олдинда турган йирик мусобақаларга муносиб тайёрлаш бўйича терма жамоаларимизда катта ҳажмда иш олиб борилмоқда. Замонавий методларни ўзбек спортига ҳам олиб киришда хорижлик мутахассисларни жалб қилиш энг мақбул вариант десак, муболаға бўлмайди. Шу мақсадда велоспорт бўйича терма жамоамизда хорижлик мутахассис иш бошлади.

Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, беларуслик Сергей Волчок велотрек бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувига расман киришди. Мутахассис Ўзбекистон триатлон ва велосипед спорти федерациялари ўртасида имзоланган меморандум тадбирида оммага расман таништирилди.

Сергей Волчок 1972 йил туғилган. Узоқ йиллар давомида Беларусь терма жамоасида мураббийлик қилган ва шу пайтгача 5 та жаҳон чемпиони, кўп карра Олимпия ўйинлари иштирокчилари, қитъа чемпионати ғолиб ва совриндорларини тарбиялаган. Мутахассис билан 1 йилга шартнома имзоланган бўлиб, бу вақт орасида жамоамиз қатнашадиган мусобақалар, жумладан Осиё чемпионати ва кубоги босқичлари, Туркияда ўтадиган Ислом бирдамлиги ўйинларига спортчиларни муносиб тайёрлаш, имкон қадар кўп миқдорда совринли ўринларни эгаллаш каби вазифалар қўйилган.

Мураббий фақат трек йўналишига ихтисослашганини алоҳида айтиб ўтиш мумкин. Ҳозирда у пойтахтимизда ташкил этилаётган ёшлар ва катталар ўртасидаги мамлакат биринчилигини диққат билан кузатиб бормоқда.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *