Велошоссе бўйича жаҳон чемпионатига мезбон топилди

Швейцария ҳукумати велошоссе бўйича жаҳон чемпионатини қабул қилишдан бош тортгач, бу йил йўл-йўл майка ҳеч кимга насиб этмас экан, деган миш-мишлар тарқала бошлади. Бироқ бугун Халқаро велосипедчилар иттифоқи мазкур шов-шувларга чек қўйди ва мусобақага мезбонлик қиладиган жойни расман эълон қилди. Унга кўра, ўзининг йўллари билан машҳур бўлган Италиядаги Имола трассаси велопойгачилар куч синашадиган жой бўлади.

“Формула-1 учун мўлжалланган ушбу трассада 24-27 сентябрь кунлари бўлажак жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Таъкидлаш жоиз, бугунги даврдан келиб чиққан ҳолда мусобақалар тақвими қисқартирилди ва спортчилар фақатгина элита, яъни катталар тоифасида яккалик шахсий вақт ҳамда гуруҳ пойгаси йўналишларида баҳс олиб боришади.

Мусобақада эркаклар учун трассанинг узунлиги 259.2 километрни, аёллар учун эса 144 км.ни ташкил қилади. Шунда 28.8 километрга тенг айланани эркаклар 9 бор, аёллар 5 бор босиб ўтишлари керак. Пойга давомида спортчилар 2 та мураккаб қияликка кўтарилишлари, баъзи ҳудудларда градиенти 14 % ни ташкил қиладиган жойлардан ўтишлари талаб қилинади. Алоҳида старт бўйича ўтадиган пойга масофаси 32 км.га тенг.

Мусобақа жадвали:

24 сентябрь: Аёллар, алоҳида стартда шахсий пойга
25 сентябрь: Эркаклар, алоҳида стартда шахсий пойга
26 сентябрь: Аёллар, гуруҳ пойгаси
27 сентябрь: Эркаклар, гуруҳ пойгаси

Таъкидлаш жоиз, Имола 1968 йилги жаҳон чемпионатини қабул қилишда ҳам жонбозлик кўрсатган.

Маълумот учун, UCI қабул қилган мазкур регламентга кўра, Ўзбекистон терма жамоаси 5та квотага эга бўлади. Бунда алоҳида стартдаги шахсий пойгада эркаклар ва аёллар ўртасида 1 тадан, аёллар ўртасидаги гуруҳ пойгасида эса 3 нафардан спортчимиз иштирок этиши мумкин.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *