Владимир Назлимов: Ўзбекистон – менинг иккинчи уйим”

Хабарингиз бор, терма жамоаларимизда фаолият олиб бораётган хорижлик мутахассислар иштирокида вилоятлардаги спортчи ва мураббийлар учун бир қатор маҳорат сабоқлари ташкил қилинмоқда. Бугун эса спорт соҳасида улкан тажрибага эга бўлган, қиличбозлик бўйича 3 карра Олимпия ўйинлари чемпиони, россиялик Владимир Назлимов иштирокида “Соҳада юқори натижаларга эришиш учун спортчилар захирасини тайёрлаш тизими” мавзусида онлайн вебинар ташкил қилинди. Эътиборлиси, мазкур вебинар терма жамоаларимиз мураббий ва селекционерлари учун ўтказилиб, унда барча спорт турларида етакчи мутахассислар қатнашди. Тадбирни МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети профессорлари Лев Югай ва Фикрат Керимов каби мутахассислар, спорт фахрийлари кузатиб боришди.

Владимир Назлимов ўз нутқида бой тажрибасидан ҳикоялар айтиб, йиллар давомида жамланган билимлари билан ўртоқлашди. Табиийки, бунда спортчиларни мусобақаларга тайёрлаш ҳақидаги мавзулар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

“Мен мураббийларни ўз ҳикояларим билан ажаблантира оламан, деб ўйламайман. Бугунги кунда терма жамоаларда улкан тажрибага эга мураббийлар тўпланган. Шундай бўлсада Сизларга аввалги вақтлардаги тизим, бизнинг давримизда спортчилар қандай машқ қилишгани ҳақида бир оз гапириб бераман. У пайтдаги тайёргарлик ўзига хос бўлган. Машғулотларнинг илк кунлариданоқ мураббийларимиз натижага эътибор қаратишган”.

Сўз ўрнида Владимир Аливерович Ўзбекистонда қиличбозлик ва унинг ривожи хусусида ҳам тўхталиб ўтди:

“Ўзбек қиличбозлиги аввалдан истеъдодларга бой бўлган. Ўзбекистонда қиличбозлик базасида машғулотлар учун барча керакли нарсалар мавжуд, шароитлар тўлиқ яратилган. Мен кўп мамлакатлардан бўлганман ва кузатувларимдан айтишим мумкинки, Ўзбекистонда ҳатто Россияда йўқ бепул таълим тизими бор. Айниқса, яккакураш спорт турлари жуда ривожланган. Шуни таъкидлашни истардимки, мамлакат Президенти спортни барча тузилмалар бўйича ривожлантиришда ажойиб иш олиб бормоқда. Ўзбекистонда спорт соҳасини ривожлантириш бўйича бошланган тизимни давом эттириш имконияти мавжуд. Бунда фақат натижани кўзлаш қолди холос”.

Мутахассис нутқи давомида натижага эришиш учун компонентнинг муҳим таркибий қисмларини ҳам таъкидлаб ўтди.

“Жамоада бир хил ўйлайдиган, бир мақсад сари олға юрадиган, ўз спортчиси учун ниманидир қурбон қила оладиган, жипслашган, мотивация бера оладиган мураббийлар бўлиши керак. Бундан ташқари иш режасини тузиш ва унга қатъий риоя қилиш лозим. Ва энг муҳими – таъминот. Бунга моддий-техник база, шароитларни яратиш киради. Олимпиадада ғалаба қозониш учун қобилиятнинг ўзи камлик қилади. Яна озгина омад ҳам керак. Шуни айтишни истардимки, спортчиларни тайёрлашда эски тизим ҳали ҳам ишламоқда. Мураббийлар узоқ йиллар давомида бизга бой тажрибаларини қолдириб кетишган. Улардан кўп нарса олиш мумкин. Мураббийлигим бошида мен қўрққанман. Спортчиликда омадим келган-у, яхши мураббий бўла оламанми? Шундан қўрқдим. Кейин мураббийим: “Сен билан қилган ишимизни бажар”, – деди.

Маъруза сўнгида тажрибали мутахассис мураббийларимиз учун ўз маслаҳатларини берди.

“Ватанпарварлик атамасини ҳар ким ўзича тушунади. Қиличбоз йўлакка чиққанида унинг ортида мураббийи туради. Аввал айтиб ўтганимдек, мураббий – спортчининг ота-онаси. Ўз навбатида тренерлар спортчини тўғри тайёрлашлари, уларни ғалаба қозонишга ундашлари керак. Ва ҳатто мураббийи ёнида бўлмаса ҳам, спортчи бўш келмаслиги лозим. Бизнинг вақтимизда техника мотивация каби устувор бўлмаган. Жонли эмоция ҳали ҳам яхши таъсир кўрсатади. Спортчининг илҳомланиши учун мураббийнинг ўзи намуна бўлиши даркор. Агар ўз ишимизга масъулият билан ёндашсак, 3-5 йил ичида нафақат қиличбозлик, балки кўплаб спорт турлари янада юқори савияга чиқади, катта-катта натижаларга эришамиз. Бугун Ўзбекистонда Нукус қиличбозликда етакчилик қилади. Боиси мураббийлар шогирдлари олдига конкрет вазифа қўяди ва бу мақтовга сазовор. Шахсан ўзим Ўзбекистоннинг қиличбозликда қандай муваффақиятларга эришишини кўришни хоҳлайман. Чунки бу менинг иккинчи уйим”, – деди Владимир Назлимов.

Тадбир якунида МОҚ президенти, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳомнов вебинар ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

Меҳнатингиздан миннатдормиз, Владимир Аливерович. Ҳамкасблар, ҳозир ноқулай шароит ҳукмрон ва биз ўзаро тажриба алмашган ҳолда ишлашимиз керак. Карантин режими Сизларнинг методик даражангизни ошириш, ўз устингизда ишлаш, тажриба ўтказиш, янги нарсаларни ўрганиш учун имкониятдир. Ҳозир ҳам бутун дунёда қаттиқ рақобат бор. Кўп нарса мураббий ва спортчининг биргаликдаги ишига боғлиқ. Кимдир ривожланса, барча йўллар ғалабага олиб келади. Кучлилар ғалаба қозонади. Фақат олдинга ҳаракат қилиш керак. Муҳтарам Президентимиз спорт соҳасини ривожлантириш учун барча шароитларни яратиб бермоқда. Биз эса давлатимиз раҳбарининг ишончини оқлашимиз лозим. Жуда эҳтиёткорлик билан, карантин қоидаларига риоя қилиб, бундан кейин ҳам ҳаракатланишимиз даркор. Пандемия билан боғлиқ вазият бизга хулоса чиқариш учун имконият берди”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Мулоқот сўнгида Владимир Аливерович вебинар иштирокчиларини қизиқтирган саволларига жавоб бериб ўтди ва вилоятдаги мутасаддилар учун ҳам шундай юқори даражадаги тадбирлар ташкил қилиш таклифи илгари сурилди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *