Водийлик таэквондочилар учун маҳорат дарси ўтказилди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Олимпия спорт турлари бўйича ҳар бир федерация ва вилоятлардаги спорт бошқармалар билан вилоятлардаги ёш спортчилар учун онлайн маҳорат дарслари олиб бормоқда. Бугун ана шундай тадбирлардан бири водийлик таэквондочилар учун ўтказилди. Унда МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси раиси Шерзод Ташматов, МОҚ раҳбарияти, терма жамоа мутасаддилари, шунингдек, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги спортчи ва мураббийлар иштирок этишди.

 Маҳорат дарсини терма жамоамизда фаолият олиб бораётган кореялик мураббий Ким Жинг Юнг олиб борди. Мураббийлар онлайн йиғилиш давомида спортчиларни мусобақаларга тайёрлаш, замонавий техник ва тактик усуллар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Ўз навбатида мутахассислар ёшларга бўш вақтларида спортдан ташқари хорижий тилларни ўрганиш, бадиий китоб ўқишнинг спортчи учун қанчалик фойдали эканлиги ҳақида қимматли маслаҳатлар бериб ўтишди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур лойиҳа илк бор айнан таэквондо ассоциацияси ташаббуси билан Хоразм, Бухоро ва Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари учун ташкил қилиниб, у ҳақида кўплаб ижобий фикрлар билдирилган эди. Эндиликда мазкур лойиҳа қолган спорт турларида Республикамизнинг барча ҳудудлари миқёсида режа асосида ташкил қилиб борилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *