Волейболнинг юртимиздаги ривожи муҳокама қилинди

Сир эмаски, сўнгги йилларда кўплаб жамоавий спорт турларида терма жамоаларимиз ўз мавқейини йўқотиб бормоқда. Бунга волейбол спорт турини ҳам мисол келтириш мумкин. Мусобақаларнинг камлиги, фақатгина Олий лига баҳсларининг ўтказилиши сабаб Миллий терма жамоамиз ҳам тобора ўз кучини йўқотиб бормоқда. Ёшлар ўртасида селекция ишларининг деярли олиб борилмаётгани эса келажакда жамоамизнинг тақдири сўроқ остида қолиб кетишини англатади. Вазият анча жиддийлашиб бормоқда.

Шу боис Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти волейбол спортини “сақлаб қолиш”, унинг оммавийлигини ошириш, рақобатбардош жамоа шакллантириш масалаларида Ўзбекистон волейбол федерацияси мутасаддилари, вилоятдаги бўлим вакиллари билан онлайн конференция ташкил қилди. Видеоучрашув МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов бошчилигида олиб борилди. Дастлаб вилоятлардаги бўлим вакиллари, мураббийлар ички тизим, ташкилотчилик масалаларидаги муаммолар, жамоаларнинг мунтазам шуғулланиши учун бириктирилган спорт базасининг йўқлиги каби муаммолар ҳақида гапириб ўтишди. Муаммоли вазиятлар устида фикр-малоҳазалар алмашилди.

Тадбир якунида МОҚ раҳбари сўз олиб, вазиятни ўзгартириш юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Ҳозирга вазиятдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, биз бор инфратузилмани элакдан ўтказиб, керакли спорт базаларини белгилаб олишимиз керак. Кейин ҳудудларда йиғинлар ва мусобақалар ташкил қилишни йўлга қўйиш мумкин. Керак бўлса, спортчилар учун автобус ва ётоқхона масалаларини ҳал қилиш лозим. Волейболни ҳам молиялаштириш учун ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан инвесторлар топа оламиз. Бироқ бизга натижага эришиш учун пухта ишлаб чиқилган режа керак бўлади. Инвестор ҳам шуни талаб қилади. Биз Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан доимо ёрдам беришга тайёрмиз”, – деди МОҚ раҳбари.

Учрашув якунида Вазирлик ва МОҚ раҳбарияти томонидан муаммоларни ҳал қилиш йўллари, машғулотларни ўтказиш учун спорт объектларини танлаб олиш каби масалалар бўйича таклифлар кутиб қолиниши таъкидланди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *