Гандбол мураббийлари учун семинар

Эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда ҳудудлардаги мураббийлар малакасини ошириш бўйича бир қатор дастурлар олиб борилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Олимпия спорт турлари бўйича терма жамоа мураббийлари иштирокида жойлардаги мураббийлар учун ташкил қилинаётган онлайн семинарлардир. Бугун гандбол бўйича ўтказилган тадбирда катта тажрибага эга терма жамоа мутахассислари вилоятлардаги 10 нафардан ортиқ тренерларга ўз билимларини улашди.

Семинарни тажрибали мутахассис Улуғбек Икрамов олиб борди. Мураббий ўз тақдимотида видеоматериаллардан кенг фойдаланди ва замонавий гандболда ҳужум ва ҳимоядаги тактик ёндашувлар, методикалар ҳақида атрофлича гапириб берди. Тадбир давомида Ўзбекистон гандбол федерация бош котиби Исмоил Матхаликов сўз олиб, бу каби семинарларнинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Бутун дунёда мураккаб коронавирус инқирози юз бераётган бир пайт бўлишига қарамасдан ҳукуматимиз спорт соҳасини ҳам қўллаб-қувватламоқда. Давлатимиз томондан янада ривожланиш учун барча шароитлар яратиб бериляпти. Биз бунга фақат ўз ғалабаларимиз билан жавоб беришимиз лозим. Гандболда ёшларимиз билан катта ютуқларга эришдик. Ана энди асосий терма жамоалар билан ҳам янги марраларни забт этиш керак. Бу каби семинарларнинг ташкил қилиниши мураббийлар учун жуда ҳам фойдали. Келажакда мутахассисларнинг тажрибасини ошириш учун онлайн ва офлайн семинарларни янада кўпайтиришга ҳаракат қиламиз”, – деди Исмоил Матхаликов.

Тадбир давомида иштирокчилар турли мавзуларда ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *