Гепатит С касаллигини тадқиқ қилган америкалик ва британиялик олимлар Нобел мукофотини қўлга киритди

Физиология ёки тиббиёт бўйича Нобел мукофоти гепатит С вирусини топганлик учун берилди. Уни Ҳарви Олтер, Чарлз Райс ва Майкл Ҳоутон қўлга киритди.

Фото: EPA-EFE/Claudio Bresciani/POOL

Физиология ёки тиббиёт бўйича 2020 йилги Нобел мукофоти америкалик Ҳарви Олтер ва Чарлз Райс ҳамда британиялик Майкл Ҳоутонга берилди. Мукофот гепатит С вирусини топганлик учун тақдим этилди, деб ёзади Нобел қўмитаси ўз сайтида

Ушбу вирус одамларда ва шимпанзеда гепатит C касаллигини келтириб чиқаради. У 1989 йилда топилган бўлиб, шимпанзеда гепатит А ёки гепатит Вга ўхшаш касалликни келтириб чиқарган, аммо улардан биронтаси бўлмаган вируснинг ДНК нусхасини клонлаш орқали аниқланган. 

Олтер, Райс ва Ҳоутоннинг тадқиқоти ушбу вируснинг аниқланишида муҳим роль ўйнади. Олтер АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институтларидаги ҳамкасблари билан биргаликда қон қуйилган беморларда гепатит ҳолатларини ўрганиб чиқди. Олимлар маълум бўлган гепатит А ва гепатит В билан бир қаторда, уларга ўхшаш яна бир касаллик мавжудлигини исботлади. Ўшанда номаълум қўзғатувчи уни шимпанзеларга юқтириши мумкинлиги аниқланди. Касаллик «на А, на В» гепатит деб номланган.

Майкл Ҳоутон ушбу номаълум касалликнинг генетик асосини ажратиш устида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, Швеция ва Норвегияда Нобель ҳафталиги бошланди. Ушбу ҳафталик давомида нуфузли мукофотнинг 2020 йилги совриндорлари эълон қилинади.

Стокҳолмдаги Нобель қўмитаси 5 октябрда тиббиёт, 6 октябрда физика, 7 октябрда кимё, 8 октябрда адабиёт, 12 октябрда эса иқтисодиёт бўйича совриндорларни эълон қилади.  

Тинчлик бўйича Нобель мукофоти эса Норвегия пойтахти Ослода 9 октябрда эълон қилинади. 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *