Германия терма жамоасида ишлаётган ҳамюртимиз билан онлайн семинар ўтказилди

Ўзбекистон камондан отиш федерацияси ташаббуси билан Германияда фаолият юритаётган ўзбекистонлик тренер Бутузова Наталья Анатольевна билан онлайн семинар ташкил этилди. Мазкур семинарда Республикамизда фаолият юритаётган тренер ҳамда спортчилар, шу билан бир қаторда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигидан вакиллар иштирок этишди.

Бутузова Наталья Анатольевна асли Ўзбекистонинг Бухоро вилоятидан бўлиб, 1980 йил Москвада бўлиб ўтган Олимпия ўйинларининг совриндоридир. Уни Ўзбекистонда камондан отиш спорт турини ривожланишида ўз ҳиссасини қўшган мутахассис сифатида яхши биламиз. Ҳозирги кунда Германия Федератив Республикасида фаолиятини давом эттириб, аёллар терма жамоасига мураббийлик қилиб келмоқда.

Кириш сўзида мутахассис Ўзбекистонда камондан отиш спорт турига сезиларли эътибор қаратилаётганидан мамнун бўлиб, раҳбар мутасаддиларга ўз ташаккурини изҳор этди. Семинарда Бутузова ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда мерганларга фойдали маслаҳатлари билан ўртоқлашди. Камондан отиш спорт турида энг керакли бўлган жиҳатлар спортчи ўзини қандай тутиши, техник ёндашув, психология ҳақида гапириб берди.

“Спортчи қачон яхши натижаларга эришади? Қачонки, кўпроқ ўқув-машғулот йиғинлар, халқаро мусобақаларда тажриба орттирса. Мерган доим ўзини психологик тайёрлаб бориши, рақибни енгишига ишониши керак. Доим олға ҳаракат қилиш лозим. Асосийси, кўпроқ халқаро мусобақаларда қатнашиш”, – деди ҳамюртимиз.

Мутахассис сўзида давом этар экан, спортчилар мураббийни қунт билан эшитиб, юқори натижаларга эришишлари учун кўрсатмаларга амал қилишлари лозимлиги ҳақида гапирди. ZOOM платформаси орқали бўлиб ўтган семинар давомида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар. Семинар сўнгида мутахассис барчага ўз ташаккурини билдириб, келажакда барча спортчиларга омад тилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *