Гликемик индекс нима?

Гликемик индекс (ГИ) – озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилинганидан кейин қон таркибидаги қандга (глюкоза) таъсир қилиш кўрсаткичи. Гликемик индекс тананинг озиқ-овқат маҳсулотига реакциясини тананинг тоза глюкозага реакцияси билан таққослашнинг ўзидир, бунда гликемик индекс 100 га тенг. Қолган барча маҳсулотларда бу кўрсаткич организмга қанчалик тез сўрилишига қараб 0 дан 100 гача бўлади. Агар маҳсулотга паст гликемик индекс берилса бўлса, демак маҳсулот истеъмол қилинганда қондаги қанд миқдори шунчалик секин кўтарилади. Гликемик индекс қанчалик юқори бўлса, маҳсулотни истеъмол қилгандан кейин қондаги қанд миқдори шунча тез кўтарилади ва юқори бўлади.
Маҳсулотнинг гликемик индекси бир қанча омилларга ҳам боғлиқ:
• Углеводнинг турига – тез (оддий) углеводлар юқори, мураккаб углеводлар эса паст гликемик индексга эга бўлади.
• Маҳсулотда клетчатка – миқдори қанча кўп бўлса, гликемик индекс шунча паст бўлади.
• Маҳсулотга ишлов бериш тури – иссиқ ишлов берилгандан кейин гликемик индекс ошади.
• Оқсил ва ёғ миқдори – улар қанча кўп бўлса, гликемик индекс шунча паст бўлади.
Спортчилар овқатланишида гликемик индекс
Спорт билан шуғулланадиган одамлар иштирок этган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, машғулотдан 2-4 соат олдин истеъмол қилинган ГИ паст бўлган озиқ-овқатлар маҳсулотлари жисмоний машқлар пайтида қувват сарфланишини секинлатиб, чидамлиликни оширади. Бугунги кунда паст ГИ эга бўлган маҳсулотларни машғулотлардан олдин истеъмол қилиш, мусобақа олдидан 4-5 кун давом этадиган юқори углеродли давр билан биргаликда ишлатилади. ГИ маҳсулотларининг мусобақалар пайтида чидамлиликка таъсири деярли сезилмайди, чунки бугунги кунда кўпчилик спортчилар махсус спорт ичимликлари ичишади ва тез таъсир қилувчи глюкозадан фойдаланишади. Бироқ, спорт мусобақаларидан сўнг, машғулотлар учун юқори формани таъминлаш учун кўплаб спортчиларга юқори ГИ таомлар тавсия этилади.

Элдор Бўрибоев,

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси диетологи.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *