Давлат комиссияси имтиёзли асосда талабаликка қабул қилинганларни тасдиқлади, улар орасида спортчилар ҳам бор

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг баёни қабул қилинди. Унга кўра, Халқаро ва Республика олимпиадалари ғолиблари, Зулфия мукофоти совриндорлари, спорт мусобақалари ғолиблари шунингдек, Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг офицерлар, шартнома бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарлар таркибидаги, ҳарбий хизматни ўташда ҳалок бўлган, шунингдек, ҳарбий хизматни ўташда ярадор бўлган, контузия, шикаст олиш натижасида ногирон бўлиб қолган ёки касалликларга дучор бўлган ҳарбий хизматчиларнинг тегишли тавсияномаларга эга фарзандлари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзолари бакалавриат таълим йўналишларига тест синовларисиз ва касбий (ижодий) имтиҳонларсиз давлат гранти асосида республика олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 8-августдаги “2020-2021-йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ—4798-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилояти Сўх туманининг спорт соҳасидаги олий маълумотли тренерларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Сўх туманига 2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг “Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича)” бакалавриат таълим йўналишининг махсус сиртқи таълим шаклига 7 та мақсадли қабул коʻрсаткичлари ажратилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозим, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 24-январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ—5924-сон Фармонига мувофиқ олимпия спорт турлари бўшича Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Пара Осиё ўйинлари, Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионатларида охирги уч йилда ғолиб ва совриндор (1-3-ўрин) бўлган спортчи-ўқувчилар олий таълим муассасаларига (тиббиёт бакалавриат таълим йўналишларидан ташқари) белгиланган қабул параметрларидан ташқари қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20-июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1 000 талик рўйхатдан жой олган Россия Федерацияси олий таълим муассасаларидан республика олий таълим муассасаларига ўқишини кўчириш бўйича мурожаат этган 1 043 нафар фуқаронинг мурожаатлари қондирилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *