Деновдаги маҳаллада муҳтожлардан қайтариб олинган пул қайта тарқатилди

Деновдаги «Зарафшон» маҳалласида тарқатилган пуллар қайтариб олинган 9та хонадоннинг ҳар бирига бошқатдан 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пули берилган. Бу ҳақда Денов тумани ҳокимлигининг 6 август куни Kun.uz сайтида эълон қилинган «Деновда эҳтиёжмандларга пул тарқатилиб, қайтариб олинди. Тушунмовчилик қаердан келиб чиққан?» сарлавҳали материал юзасидан эълон қилинган расмий муносабатида маълум қилинган.

«Жорий йилнинг 30 июль куни Денов туманидаги эҳтиёжманд ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 2 124та хонадонга 1 миллиард 725 миллион 604 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам пули тарқатилди. Ушбу хонадонларда 9 678 нафар фуқаро истиқомат қилади. Уларнинг барчаси маҳаллаларда шакллантирилган эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож оилаларнинг шаффоф рўйхати – «Темир дафтар»га киритилган хонадонлардир.

Ҳақиқатдан, тумандаги 3-сектор ҳудудидаги «Зарафшон» маҳалласида «Темир дафтар»га киритилмаган, бироқ, маҳалладаги эҳтиёжманд оилалар рўйхатида бўлган 9та хонадонга ҳам 500 минг сўмдан ёрдам пули тарқатилган. Маҳалла масъуллари ушбу маблағлар фақат «Темир дафтар»га киритилган фуқароларга тарқатилиши кераклигини билишгандан сўнг, ушбу 9та хонадонга тарқатилган моддий ёрдам пули қайтариб олиниб, «Темир дафтар»га киритилган эҳтиёжманд хонадонларга етказиб берилган. 

Ўрганиш натижасига кўра, ушбу 9та хонадон ижтимоий ҳимояга муҳтож эканлиги инобатга олиниб, туман «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасидаги маблағлар ҳисобидан ушбу хонадонларнинг ҳар бирига 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пули берилди», дейилади Денов туман ҳокимлиги ахборот хизматининг расмий муносабатида. 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *