Диана Саттарова: Ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар халқимиз саломатлиги учун

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси ходимлари масофадан туриб иш ташкил қилишгани ҳақида мунтазам хабар бериб боряпмиз.

Бугун ассоциация бош врачи Диана Саттарова билан карантин даврида қандай фаолият олиб бораётгани ҳақида суҳбатлашдик.

-Суҳбатни барчага берилаётган савол билан бошламоқчимиз. Карантин пайтида қандай фаолият олиб боряпсиз?

-Спортчилар ва мураббийлар билан доимий алоқа ўрнатилган. Ҳар куни улар билан суҳбатлашиб, керакли тавсияларни бериб боряпман. Бундан ташқари, уларнинг саломатлиги бўйича ҳар куни маълумотлар олиб турибман.

Спортчилар машғулот жараёнидан фото ва видеоматериалларни менга юбориб туришади. Мен эса уларга тиббий томондан керакли маслаҳатларни бериб бораман.

-Коронавирус борасида ҳам ишлар амалга ошириляптими?

-Албатта. Спортчилар ва мураббийлар, қолаверса, ассоциация ходимлари ўртасида коронавирус тўғрисида доимий тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бу борада уларга керакли тавсиялар ҳамда сўнгги янгиликлар етказилмоқда.

Шунингдек, уларга COVID-19 ҳақида турли брашуралар ўзбек ва рус тилларида электрон кўринишда юборилмоқда.

-Спортчилар асосан сизга қандай саволлар билан мурожаат қилишмоқда?

-Улар ҳам барча юртдошларимиз сингари карантиннинг қачон тугаши ҳақида савол беришяпти. Аммо, бу саволга ҳозирча аниқ жавоб йўқ. Лекин, ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар халқимиз саломатлиги учун ва буни нафақат спортчилар, балки барча юртдошларимиз тўғри ҳис қилишлари керак.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *