Дилмурод Сидиқов: Пара велоспортчиларимизнинг “Мўйноққа мадад” экологик хайрия веломарафонидаги иштироки юртимизда пара велоспортни ривожлантириш ва оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этади

25 май – 5 июнь кунлари мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб  “Мўйноққа мадад” экологик хайрия веломарафони ўтказилди.

Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Экологик партияси, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу экологик хайрия веломарафонда Ўзбекистон пара велоспорт терма жамоаси аъзолари ҳам иштирок этишди.

Терма жамоа бош мураббийи Дилмурод Сидиқов ушбу марафон борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Андижон вилоятининг Хонабод шаҳридан старт олган ушбу экологик хайрия веломарафони 5 июнь куни Қорақолпоғистоннинг Мўйноқ шаҳарчасида ўз ниҳоясига етди. Икки ҳафта давом этган марафонда бизнинг паралимпия спортчилари ҳам иштирок этишди. Таъкидлаш керакки, уларнинг бу иштироки мамлакатимизнинг барча худудларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида пара велоспорт спортини ривожлантириш ва оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Шахсан мен мураббий сифатида ушбу марафон давомида ҳар бир вилоят велоспорт федерациялари вакиллари билан учрашиб, улар билан келажакда пара велоспортни ҳам ривожлантириш ва оммалаштириш, бу борада яқиндан ҳамкорлик қилиш масалаларида гаплашиб олдим. Умид қиламанки, яқин келажакда пара велоспортчиларимиз халқаро майдонларда юқори натижаларни қайд этиб, юртимизда етакчи паралимпия спорт турларидан бирига айланади”, – деди Дилмурод Сидиқов.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *