Дилноза Бакирова: “Токио Олимпиадасига камида иккита лицензияни қўлга киритамиз!”

Бутунжаҳон каратэ федерацияси (WKF) Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари учун янгиланган саралаш тизими ҳақида маълумот берди. Олимпия ўйинлари келгуси йилнинг ёзига қолдирилганлиги туфайли Олимпия рейтингидаги ўринлар учун кураш давом этмоқда ва саралаш даври 2021 ёзига қадар узайтирилди.

Коронавирус пандемияси туфайли деярли барча халқаро ва маҳаллий спорт мусобақалари номаълум муддатга қолдирилди, айримлари эса умуман бекор қилинди. Бу каби ноаниқликлар каратэ бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоа аъзоларини Токио Олимпиадасига тайёрлаш бўйича режаларига ҳам ўз таъсири кўрсатди.

Юртимизда жорий этилган карантин талабларидан келиб чиқиб бугунги кунда терма жамоа аъзолари билан барча машғулотлар онлайн тарзда олиб борилмоқда. Ушбу машғулотлар қанчалик самарали ташкил этилаётганлигини ҳамда спортчиларни Токио Олимпиадасига тайёрлаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот олиш учун биз Миллий терма жамоамиз бош мураббийи Дилноза Бакирова билан суҳбатлашдик. Қуйида мазкур интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.

– Айтингчи, ҳозирги ностандарт вазиятда каратэчиларнинг спорт формаларини сақлаб туришлари ва барқарор руҳий ҳолатда бўлишлари учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
– Хабарингиз бор, бугунги кунда COVID-19 пандемияси ҳаётимизнинг деярли барча жабҳаларига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Хусусан спорт соҳаси ва у билан боғлиқ барча маҳаллий ва халқаро турнирлар ҳамда ўқув-машғулот йиғинлари ҳам бекор қилинди, айримлари эса бошқа муддатга кўчирилди. Биз ушбу шароитга мослишиб улгурдик ва вазиятдан келиб чиқиб терма жамоамиз аъзолари билан машғулотларни онлайн ўтказмоқдамиз.

Хусусан, якшанбадан ташқари ҳар куни, куннинг биринчи ярмида спортчиларимиз ўзлари индивидуал тарзда шуғулланишмоқда, куннинг иккинчи ярмида эса ZOOM платформаси орқали эронлик мутахассис, терма жамоамиз мураббийи Шаҳаб Султани иштирокида машғулотлар ўтказилмоқда. Таъкидлаш жоиз, ушбу онлайн машғулотларда Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раиси Аламжон Муллаев, МОҚ президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов ва Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари иштирок этиб, ўзларининг кўрсатма ва тавсияларини бериб келишмоқда.
Шунингдек, ушбу машғулотларда, федерация спорт шифокори, психологи ва диетологи иштирок этиб, спортчиларга карантин пайтида уй шароитида ўзлари ва оила аъзоларининг саломатлигини сақлаш бўйича йўриқномалар ўтказишяпти. Бундан ташқари, спортчиларга тўғри овқатланиш ҳамда психологик ҳолатларига кўра мунтазам равишда тегишли кўрсатмалар бериб боришмоқда.

Ҳозирги карантин даврида спортчиларимизнинг руҳий ҳолати биз учун жуда муҳим, шунинг учун уларнинг руҳий саломатлигини сақлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, яқинда федерациямизнинг спорт психологи Камола Атабекова томонидан терма жамоа спортчилари билан “Пандемия даврида спортчиларнинг руҳий саломатлигини сақлаш” мавзусида вебинар ташкил қилинди. Унда атлетларимиз ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олдилар.
Машғулот сўнгида Камола Атабекова томонидан спортчиларимизга зарур бўлган тавсия ва таклифлар берилди. Терма жамоа аъзоларининг руҳий ҳолати ижобий баҳоланди.
Бундан ташқари, психологимиз томонидан мунтазам равишда спортчилар билан телефон ва телеграм орқали индивидуал суҳбатлар олиб борилмоқда.

– Спортчиларимизда Токио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритиш имкониятлари қандай?
– Хабарингиз бор, жорий йилнинг май ойида Парижда квалификацион турнир ўтказилиши керак эди, бироқ пандемия сабаб июнь ойига қолдирилганди. Вазият беқарорлиги туфайли ушбу турнир 2021 йилнинг ёзига кўчирилди. Эндиликда биз асосий кучни ушбу якуний турнирга қаратамиз.

Умуман олганда, Олимпия ўйинларида каратэнинг “кумитэ” йўналиши бўйича 6та вазн тоифаси ва “ката” йўналишида 2 нафар спортчи ўзаро баҳслашадилар.

Бугунги кунда 6 спортчимиз “кумитэ” ва 2 таси “ката” йўналишларида терма жамоа таркибида Олимпиадага тайёргарлик кўриб келишмоқда. Рақобат кучлилигига қарамай спортчилармиздан умидимиз катта ва ўйлайманки, бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига камида 2 та лицензияни қўлга киритамиз.

Худо хоҳласа, пандемия тез орада бартараф этилади ва спортчиларимиз билан ўқув-машғулот йиғинларини ўрнатилган тартибда ўтказиш баробарида олдимизга қўйилган мақсадга эришамиз.

– Карантин даврида ташкил этилган онлайн мусобақалар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Карантин даврида спортчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси Миллий Олимпия қўмитаси ва Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда каратэнинг “ката” йўналиши бўйича 3 та онлайн мусобақа ўтказди.

Таъкидлаш жоизки, бу каби мусобақалар ёш каратэчиларимизнинг уй шароитида спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этишда муҳим ўрин тутади.
Онлайн “ката” мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган иштирокчилар ўрнатилган тартибда ташкилотчилар томонидан пул мукофоти, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Бугунги кунда, юртимизда карантин даврининг давом этаётганини ҳисобга олиб, федерациямиз ёш спортчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун каратэнинг “ката” йўналиши бўйича онлайн Ўзбекистон чемпионати ташкил этмоқда.

Хусусан, ушбу мусобақанинг туман (шаҳар) босқичи 25 июль куни, 15 август куни вилоят босқичи ва 29 август куни эса республика босқичи бўлиб ўтади. 7-10, 11-14, 15-18 ёш оралиғида ташкил қилинаётган мазкур мусобақа соврин жамғармасига ҳам эга бўлиб, бу карантин вақтида беллашувларни қумсаган ёш спортчилар учун катта мотивация бўлиши, қолаверса, турнирга бўлган қизиқишнинг яна бир карра ортишига сабаб бўлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *