Дилноза Баҳромова: Фарзандларимга алифбени ўргатяпман

Юртимиздаги карантин муносабати билан Паралимпия спортчилари машғулотларни ўз уйларида олиб боришмоқда.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси матбуот хизмати эса ушбу масалада Пара дзюдо терма жамоаси мураббийи Дилноза Баҳромова билан қисқача суҳбат уюштирди.

-Карантин даврини қандай ўтказяпсиз?

-Ҳозирги шароитда уйдан чиқмаслик энг тўғри йўл деб ҳисоблайман. Бунга ўзим ҳам амал қиляпман. Кун давомида оила аъзоларим, фарзандларим билан биргаман. Уларга турли таомлар тайёрлаб беряпман. Мактабга тайёргарлик кўраётган фарзандларимга алифбени ўргатяпман. Қолаверса, кўпдан бери китоб ўқишни ният қилиб келаётган эдим. Карантин пайти эса бу ниятимни амалга ошириш учун айни муддао бўлди.

-Мураббийлик фаолиятингизни қандай олиб боряпсиз?

-Мамлакатимизда карантин даври якунлангунича шогирдларим ўз уйларида менинг берадиган топшириқларим асосида индивидуал машғулот олиб боришади. Улар менга кунлик машғулот жараёнларини тасвирга олиб юборишяпти. Мен эса уларни диққат билан кузатиб, хато ва камчиликларини айтяпман. Ўйлайманки, бу кунлар ҳам ортда қолади ва биз яна спорт иншоотларида шуғулланишни бошлаймиз.

Бундан ташқари Миллий Паралимпия ассоциацияси раҳбарияти билан видеоконференциялар уюштирилмоқда. Уларда спортчиларнинг тайёргарлик жараёнлари муҳокама қилиб борилмоқда. Спортчиларнинг спорт формасини сақлаб туришлари учун қўлдан келган барча ишлар амалга оширилмоқда.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *