Дмитрий Шокин: “Финалда ўзимни бироз аядим”

Таэквондо WT бўйича Ўзбекистон чемпионати якунига етгач, +87 кг вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритган терма жамоамизнинг етакчи вакили Дмитрий Шокин билан эксклюзив интервью уюштирдик.

— Жорий мавсумдаги иккинчи мусобақам бу. Очиғи, ғолиб чиқишимни кутган эдим. Карантиндан олдин Туркия очиқ чемпионатида иштирок этиб қайтган эдик. Турнирларни жуда ҳам соғиниб қолган эканмиз. Ушбу чемпионатда рақобат кескин кўтарилган. Ёш умидли спортчилар етишиб келаётганига гувоҳ бўлдим. Ўтган йили ҳам Шоҳрух Ражабов билан финалда рўбарў келганимизда ҳам ғалаба қозонганман. Бу галги беллашувда Ражабовни 6:1 ҳисобида мағлуб этдим. Бизни масъулиятли турнирлар кутиб турибди. Токио Олимпиадаси лицензиялари учун жамоамиз аъзолари баравар ҳаракат қилишяпти. Чунки ҳали Олимпия ўйинларига кимлар бориши аниқ эмас. Бундан ташқари, Париж-2024 учун тараддуд бошлаб юборилган.

— Ўтган йилнинг ноябрь ойида Хитойнинг Уси шаҳрида “Катта дубулға” мусобақасининг II очиқ саралаш баҳслари чорак финалида Ражабов билан тўқнаш келиб қолган эдингиз ва 2:0 ҳисобида мағлубиятга учраган эдингиз. Бунга нима сабаб бўлган?

— 2019 йилнинг август ойида Германияда оёғимдаги жароҳат боис жарроҳлик амалиётини ўтказганимдан сўнг икки ой тикланиш босқичини ўтказдим. Орада кетма-кет мусобақаларда қатнаша олмаслигимга тўғри келди. Айтиб ўтганингиздек, Хитой турнири учун саралаш беллашувларида Шоҳрух билан рўбарў келиб қолдим ва жароҳатим панд бериб, имкониятни бой бердим. Бундан ташқари, турнир қоидаларида ҳам ўзгаришлар бор эди, ҳали тўлиқ тиклана олмаганим учун чарчаб қолдим. Бу ўзига яраша тажриба ҳам бўлди.

— Ўзбекистон чемпионатида ҳақиқий Шокинни кўрдикми ёки бор маҳоратингизни кўрсата олмадингизми?

— Дастлабки учта баҳсда Шокинча жанг қилдим. Финалда ўзимни бироз аядим. Чунки Шоҳрухнинг вазни бироз оғирроқ. Оёғим қаттиқ тегса, жароҳат қайталаниши мумкин эди. Шунинг учун таваккал қилмасдан ҳаракат қилдим. Олдинги беллашувларни узоғи икки раундда тугатган бўлсам, бунисида кучимни кўп сарфламай, уч раунд жанг олиб бордим.

— Демак, спорт формасига тўлиқ қайтгансиз?!

— Худога шукур, ҳозирги кунда мусобақаларга тайёрман, деб айта оламан. Барча хавотирлар ортда қолган. Ўйлайманки, ҳаммаси яхши бўлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *