Долзарб масалалар муҳокама қилинди

Бугун Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси томонидан ходимлар ва тренерларнинг масофавий иш фаолиятини тўғри ташкиллаштириш ҳамда уни назорат қилиш бўйича навбатдаги онлайн видеоконференция ташкил этилди. Унда ассоциация ходимлари, шифокорлар ва тренерлар иштирок этишди.

Йиғилишни ассоциация раиси Мухторхон Ташходжаев кириш сўзи билан очиб берди. Сўнгра, уни Паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари Шарипжан Моминжанов олиб борди. Кун тартибига қўйилган асосий масалалар спортчиларнинг онлайн машғулотларини кўнгилдагидек ташкил этиш ва бунинг учун уларга зарур шароитлар яратиб бериш, ҳозирги пандемия шароитида спортчиларнинг тиббий ҳолатини мунтазам кузатиб бориш ва бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришдан иборат бўлди. Шунингдек, йиғилишда масофадан туриб фаолият олиб бораётган ҳар бир ходимнинг ишини назоратга олиш, шунингдек, Паралимпия ассоциацияда ташкил этилган тренерлер кенгаши ва ҳар бир спорт турлари бўйича тузилган тренерлар кенгашининг фаолиятини тўғри йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш керакки, Паралимпия ассоциациясида касаба уюшмаси фаолияти яна қайта тикланди ва уюшма аъзолари қайтадан сайлангани эътироф этилди.

Бундан ташқари, ассоциация матбуот хизматига ҳар куни ассоциация спортчилари, тренерлар ва шифокорлар иштирокида турли маданий-маърифий тадбирларни онлайн тарзда ташкил этиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказаётганликларини акс эттирувчи турли видеолавҳалар тайёрлаш вазифаси топширилди.

Энг муҳими, ассоциация шифокорларидан карантин даврида коронавирус борасида спортчилар ва тренерлар ўртасида махсус видеоконференциялар ўтказиш, бу орқали уларнинг тиббий билимини ошириш кераклиги айтилди ва уларга ассоциация ходимлари, спортчилар ва тренерларнинг саломатлигини мунтазам назорат қилиш ҳамда бу борада раҳбариятга кунлик ахборот топшириш вазифаси ҳам юклатилди.

Йиғилиш сўнггида раҳбарият томонидан ташкилотда фаолият олиб борувчи барча ходимлар ва мутахассисларга ўз ишларига сидқидилдан ёндашиши лозимлиги ҳамда бу каби видеоконференциялар мунтазам равишда ташкил этилиши белгилаб берилди.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси

матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *