ДТМ: Тест натижаларини эълон қилишдаги хатолик тузатилди

Ижтимоий тармоқларда тест натижалари хато ҳисобланган ёки тест синовларида ноҳақликка йўл қўйилган деган мазмундаги постлар ва видеомурожаатлар тарқалди. Давлат тест маркази бу масала ўрганиб чиқилганини маълум қилди.

«Ҳолат бўйича шуни маълум қиламизки, 11 сентябрь куни эълон қилинган тест синовлари натижаларини эълон қилишда техник хатоликка йўл қўйилган. Хатолик ижтимоий тармоқларда ёзилгани каби тест натижаларини ҳисоблашда эмас, уларни эълон қилишда кузатилган.

Тест натижаларидаги техник хатолик Навоий ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қўқон шаҳрида 10 сентябрь куни 1-сменада ўтказилган тест синовларида иштирок этган айрим абитуриентларда юзага келган. Мазкур ҳолат аниқланиши билан хатоликни тузатиш ишлари бошлаб юборилган.

Ҳозирда мазкур техник хатолик тузатилиб, тест натижалари хато эълон қилинган абитуриентларнинг натижалари янгиланди. Мазкур абитуриентлар шахсий кабинетлари орқали янгиланган тест натижаларини қайта кўришлари мумкин», – дейилади ДТМ ахборотида.

Марказ йўл қўйилган хатолик учун абитуриентлардан ва уларнинг ота-оналаридан узр сўраб, тест синовларини шаффоф ва адолатли ўтишига ҳисса қўшаётган блогерлар ва оммавий ахборот воситаларига миннатдорчилик билдирган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *