ДТМ: Тест синовлари натижалари бўйича ишлар якунланди

Давлат тест маркази абитуриентларнинг имтиҳон натижалари бўйича ишлар тугатилгани, лекин ижодий имтиҳон натижалари энди ягона базага йиғилаётганини маълум қилди. Бу ишлар тугагач абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича танлов натижаси эълон қилинади.

Давлат тест марказининг маълум қилишича, абитуриентларнинг тест синовларида тўплаган натижалари бўйича ишлар тугатилган.

Лекин жорий йилда кўплаб имтиёзлар: ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари, ИИВ органи ходимлари фарзандлари, ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномаси, хотин-қизлар ва Сўх тумани учун ажратилган қўшимча қабул кўрсаткичлари ҳам тест синовлари орқали талабаликка қабул қилинадиган таълим йўналишларига, ҳам касбий (ижодий) имтиҳон орқали қабул қилинадиган таълим йўналишларига татбиқ этилмоқда.

Бундан ташқари, касбий (ижодий) имтиҳонлар 20 сентябргача давом этган ва шу сабабли танлов натижаларини ҳисоблаш ишлари энди якунланмоқда.

«Ҳозир барча ОТМларнинг касбий (ижодий) имтиҳон натижалари ягона базага йиғилмоқда ва бу натижалар тест синовлари натижалари билан бирга ҳисобланмоқда.

Мазкур жараён якунига етгач, абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижаси Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, кириш имтиҳонлари 2-13 сентябрь куни очиқ майдонларда ўтказилди. ДТМ имтиҳонлар бўйича якуний танлов натижалари 24 сентябрда эълон қилинишини маълум қилган эди

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *