Дунёдаги вазият: Британияда янги ҳолатлар сони кескин ўсди, Ҳиндистон иккинчи ўринда

Британияда сўнгги икки кун ичида коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони кескин ортиб кетди, олимлар маҳаллий ўчоқлар кенг тус олишидан огоҳлантирмоқда, Ллойд-Уэббер театрларни асраб қолишга чақирди, Ҳонгконг карантин чораларини енгиллаштирди, Токио ҳар қандай ҳолатда ҳам Олимпиадани ўтказишни истаяпти.

Фото: Reuters

Британияда янги касалланиш ҳолатлари сони ошиши ёшлар билан боғланмоқда
Британияда сўнгги икки кун ичида коронавирус инфекциясига чалинишнинг янги ҳолатлари сони кескин ортди. Душанба куни 2,9 мингдан ортиқ кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди. Бу май ойидан бери энг юқори ўсишдир. 

Мамлакатда жами 350 мингдан ортиқ ҳолат аниқланган, 41,5 мингдан ортиқ киши вафот этган.

Британияда июль ойининг ўрталарига қараганда тўрт баравар кўп янги беморлар қайд этилмоқда. Мактаб ва кейинчалик университетларнинг очилиши вазиятни янада кучайтиради деган хавотир бор.

Британияда июль ойи ўрталаридагидан 4 баробар кўп ҳолатлар қайд этилди

Янги ҳолатлар сонининг кўпайиши ёшлар билан боғлиқ. Беморларнинг деярли ярми 20 ёшдан 40 ёшгача бўлганлардир. Шунингдек, ўспиринларда ва 40 ёшдан 50 ёшгача бўлган одамлар орасидаги кўрсаткичлар сони сезиларли даражада ошган.

Пандемия аввалида вирус юқтириш ҳолатларининг аксарияти қариялар ўртасида кузатилган. Аммо бу, биринчи навбатда, ўша вақтда коронавирусни аниқловчи тестлар асосан касалхоналарда ўтказилгани билан боғлиқ.

Одатда, вирус юқтирган ёшлар камдан кам ҳолларда касалхонага ётишга муҳтожлик сезишади ва расмий маълумотлар статистикасига ҳам камдан кам ҳолларда киритилади.

Маҳаллий ўчоқлар кенг миқёсли бўлиши мумкин
Британиялик олимлар расмийларнинг карантин чораларини жуда эрта юмшатгани сабабли касалланиш эгри чизиғининг яна кўтарилишидан огоҳлантирди. Лондон университети коллежи эпидемиологи Эндрю Ҳейварднинг айтишича, мамлакатнинг айрим ҳудудларида маҳаллий эпидемиялар янада катталашиши мумкин.

Унинг сўзларига кўра, вируснинг янги тарқалишига жиддий эътибор берилмаса, янги ҳолатлар сони назоратдан чиқиб кетиши мумкин.

У мувозанат зарурлигини ва одамлар одатий ҳаётга қайтишлари кераклигини эътироф этди.

Аммо, унинг сўзларига кўра, карантин чоралари юмшатилиши, масалан, мактаблар ва университетларнинг очилиши, шунингдек одамларнинг оммавий равишда иш жойларига қайтиши йилнинг одатий касалланишлар ортадиган вақтида содир бўлади. 

«Касалликнинг юқиш хавфини камайтириш керак ва бу алоқага киришадиган одамлар сонини камайтиришни талаб қилади. Аввало, бу турли ёш тоифасидаги одамлар ўртасидаги алоқаларга тегишли», деди у. 

Ҳиндистонда кунлик рекорд
Сешанба куни Ҳиндистон ҳукумати кунлик касалланиш ҳолатлари бўйича рекорд қайд этилгани ҳақида маълум қилди – 90 минг ҳолат. Ушбу мамлакатда атиги 13 кун ичида жами ҳолатлар сони 3 миллиондан 4 миллионга етди. Сўнгги ҳафта давомида кунлик ҳолатлар сони 75 мингдан кам бўлмаётганди. Энди ушбу мамлакат жаҳон рейтингида Бразилияни ортда қолдириб, иккинчи ўринга чиққан.

EPA

Янги ҳолатларнинг 60 фоизи Андхра-Прадеш, Тамилнад, Уттар-Прадеш, Махараштра ва Карнатакага тўғри келади.

Ҳиндистонда янги ҳолатлар ўсиши вирус сўнгги ҳафталарда қишлоқлар бўйлаб тарқалгани билан изоҳланмоқда. Бундан ташқари, Ҳиндистон ҳукумати оммавий тест олишни кенгайтирган.

Вирус ҳатто Ҳинд океанида ажралиб қолган Андаман оролларининг туб аҳолисида ҳам аниқланган – Катта Андаман қабиласи аҳолисининг 10 нафар вакилида Covid-19 тасдиқланган.

Ҳиндистон аҳолисининг зичилиги ва касаллик эпицентри — Хитойга яқин бўлишига қарамай, узоқ вақтда янги касалланиш ҳолатларини минимал даражада ушлаб келаётганди. Мамлакатда баҳордаёқ қаттиқ карантин режими жорий этилган. 20 май куни Мумбай кўчаларидаги ҳаракат пандемияга қадар бўлган даврнинг 17 фоизига тушиб кетган. Таққослаш учун, Москвада ўша вақт кўчалардаги фаоллик 48 фоизни ташкил этган.

Компанияларда қисқартиришлар
Пандемиянинг бизнесга салбий таъсири туфайли британиялик иш берувчилар жами 300 мингдан ортиқ кишини ишдан бўшатишни режалаштирмоқда.

BBC’га маълум бўлишича, июнда 1,8 мингдан ортиқ компания 156 мингдан ортиқ ишчини бўшатишга қарор қилган, июлда 1784 фирмада қисқартиришлар режалаштирилиб, қарийб 150 минг киши ишдан бўшатилган. бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан етти баробар кўпдир.

Британия ҳукумати одамлар офислардаги ишларига қайтишига умид билдирмоқда

Карантин чоралари туфайли ресторанлар ва дўконлар ёпиқ турди, туризм соҳаси эса бутунлай тўхтади. Натижада компаниялар ишчиларни қисқартиришга мажбур бўлишди.

Ҳукумат бандликни сақлаш бўйича дастур эвазига 9,6 миллиондан ортиқ киши ишини сақлаб қолгани, бу одамлар ишлай олмаган вақтда давлатдан молиявий ёрдам олгани ҳақида маълум қилди. Кўплаб компаниялар ссудалар ва грантлар олишган.

Театр хароб бўлиш арафасида
Театр санъати карантингача бўлган миқёсини қайта тиклана олмайдиган чегарага етиб келди,  деб маълум қилди бастакор Эндрю Ллойд-Уэббер Британия парламентида.

Дунёга машҳур мусиқий асарларнинг муаллифи театрларнинг ижтимоий масофаланиш шароитида ишлаши иқтисодий жиҳатдан фойдасиз бўлишини айтди.

«Биз шунчаки ушбу санъат соҳасини очиб, унинг ишлашига имкон беришимиз керак. Биз қайтиши йўқ чегарага келиб қолдик», деди у парламентнинг маданият қўмитаси аъзоларига.

Ҳонгконг учинчи тўлқиндан кейин чекловларни юмшатмоқда
Кўпгина мамлакатларда коронавирусдан касалланиш эгри чизиғи ўсишда давом этаётган бўлса-да, баъзиларида вазият яхшиланмоқда. Масалан, Ҳонгконгда сўнгги вақтларда кунига 10тадан кам ҳолат қайд этиляпти, шу муносабат билан шаҳар маъмурияти баъзи чекловлар юмшатилишини эълон қилди.

Масалан, одамлар тўрт кишилик гуруҳларга тўпланишлари мумкин бўлади. Шунингдек, жума кунидан бошлаб баъзи спорт майдончалари очилади.

Ҳонгконгда сўнгги вақтларда кунига камида 10та янги касалланиш ҳолати қайд этилмоқда

«Учинчи тўлқин икки ой аввал бошланган ва у ҳали ҳам давом этмоқда», деди Соғлиқни сақлаш вазири София Чан.

Аввалроқ 6 сентябрь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган парламент сайловларини бир йилга қолдиришга қарор қилинган эди. Мухолифат расмийлар пандемиядан одамларнинг ўз хоҳиш-иродаларини билдиришига йўл қўймаслик учун фойдаланмоқда, деб ҳисоблаган. 

Бошқа мамлакатларда:

  • Испанияда пандемия бошидан бери вирус юқтирганларнинг умумий сони 525,5 мингдан ошди. Мамлакат Европа Иттифоқида ярим миллиондан ортиқ юқтириш ҳолатлари аниқланган илк давлат бўлди. Сўнгги ҳафталарда инфекция эгри чизиғи ўсиб бормоқда.
  • Дания телевидениеси 35 ёшгача бўлган одамларнинг тахминан 74 фоизи пандемия туфайли стресс, ёлғизлик ва доимий чарчоқни бошдан кечирганини аниқлади. 
  • Маълумотларга кўра, Италиянинг собиқ бош вазири Сильвио Берлускони тузалмоқда. Хабарларга кўра, у келаси ҳафта Милан касалхонасини тарк этади. У ўтган ҳафта икки томонлама пневмониянинг дастлабки босқичи билан касалхонага ётқизилганди.
  • Австралия бош вазири Скотт Моррисон мамлакат январь ойида коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи партиясини қабул қилиши кутилаётганини маълум қилди. Гап Оксфорд университети ва AstraZeneca компанияси томонидан тайёрланаётган вакцина ҳақида бормоқда. Ҳозирда Британия, Бразилия ва ЖАРда ушбу вакцинанинг якуний синови ўтказилмоқда. Австралия оладиган биринчи партия 3,8 млн дозадан иборат бўлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *