Дунёдаги вазият: Британия вакцинаси синовлари бошланмоқда, Аргентинада кунлик рекорд янгиланди

Сеулда мактаблар ва черковлар ёпиляпти, Оксфорд вакцинаси 50 минг кишида синаб кўриляпти, Бали йил охиригача туристларни қабул қилмайди, Британия касалхоналарида Covid-19’дан даволанган ҳар саккизинчи бемор вирусни ўша ернинг ўзида юқтирган, Аргентинада касалланиш кўрсаткичи рекорди қайд этилди.

Сеулда мактаблар ва черковлар ёпилмоқда
Жанубий Кореяда коронавирусдан зарарланишлар сони ўсишда давом этмоқда. Кунига аниқланган ҳолатлар сони кетма-кет 12 кунки 100дан ортиқни ташкил этяпти. Сешанба куни расмийлар янги 280 бемор ҳақида хабар қилди. 

REUTERS

Янги ҳолатлар ортиши сабабли ҳукумат Сеул ва унинг атрофидаги ҳудудларда мактаблар ва болалар боғчаларини ёпишга қарор қилди. Таълим вазирлиги болалар 11 сентябргача масофадан ўқитилишини хабар қилди.

Декабрь ойида университетга кириш имтиҳонларида қатнашадиган битирувчи синф вакиллари бундан мустасно. 

Май ойида коронавирус тарқалиши назоратга олинганида мактаб ўқувчилари мактабга қайта бошлаганди. Аммо сўнгги икки ҳафта ичида Сеул ва унинг атрофидаги ҳудудларда 200га яқин ўқувчи ва ўқитувчилар коронавирусни юқтириб олган. 

Аввалроқ Жанубий Кореянинг эпидемияга қарши курашиш бўйича самарали чоралари бошқа давлатлар учун намуна вазифасини ўтаётганди, аммо сўнгги пайтларда бу ерда, айниқса пойтахтда вазият кескин ёмонлашди.

Янги касалланиш ҳолатларининг аксарияти август ойи ўрталарида ҳукуматга қарши уюштирилган норозилик намойишида иштирок этган протестант черкови аъзолари билан боғлиқ. 

Сеул маъмурлари пандемия бошлангандан бери биринчи марта жамоат жойларида – бинолар ва кўчада бирдек ниқоб тақиш мажбурлигини эълон қилди. Черковлар, тунги клублар ва караоке бир муддатга ёпиқ. 

Оксфорд вакцинаси 50 минг кишида синалади
Дунё бўйлаб 50 мингга яқин одам Оксфорд университети томонидан ишлаб чиқилган коронавирус вакцинасини унинг хавфсизлиги ва самарадорлигини аниқлаш учун синовдан ўтказади, деб маълум қилган унинг ишлаб чиқарувчиларидан бири Эндрю Поллард. 

Вакцина Оксфорд университети ва AstraZeneca фармацевтика компанияси томонидан биргаликда ишлаб чиқилган. Клиник синовлар Буюк Британиядаги 10 минг кўнгилли, Бразилия ва Жанубий Африкадаги яна 10 минг кишида ўтказилади. Ишлаб чиқувчилар, шунингдек, синов учун АҚШда 30 минг кўнгилли топишга умид қилишмоқда. 

REUTERS

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трампнинг вакцина ноябрь ойида ўтадиган президентлик сайловларидан олдинроқ хавфсиз деб тан олинишини истаётгани ҳақида хабар пайдо бўлганди.

AstraZeneca регуляторлар билан сертификатлаш жараёнини бундай тезлаштириш имконияти ҳақида муҳокама қилмаганини айтди. 

Бали йил охиригача сайёҳларни қабул қилмайди
Индонезиянинг Бали ороли йил охиригача чет эллик сайёҳларни қабул қилмайди, деб хабар қилади маҳаллий ҳокимият.

EPA

Аввалроқ машҳур орол сентябрь ойида бошқа давлатлардан ташриф буюрувчиларни қабул қила бошлаши ҳақида маълум қилинганди. Аммо расмийлар мамлакатда янги ҳолатлар сони кўпайиши сабабли ушбу режани бекор қилишди.

Балида пандемия бошлангандан бери Covid-19’нинг 4576 ҳолати аниқланди, 52 киши вафот этди. Ушбу касаллик туфайли бутун мамлакат бўйлаб 155 мингдан ортиқ бемор қайд этилиб, 6759 киши ҳаётдан кўз юмди. Бу Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари орасида ўлим даражаси бўйича энг юқори кўрсаткичдир.

«Индонезиядаги вазият чет эллик сайёҳларнинг мамлакатга, шу жумладан Бали шаҳрига келишига имкон бермайди», деди орол маъмурияти раҳбари Уайэн Костер. 

Касалхоналардаги зарарланишлар
Касалхоналарда Covid-19 билан даволанган ҳар саккиз беморнинг камида бир нафари коронавирус билан ўша ернинг ўзида касалланган. Британиянинг 10 ва Италиянинг бир шифохонасидаги маълумотларни ўрганган тадқиқотчилар шундай хулосага келишди. 

Лондон Қироллик коллежи олимлари бу аслида паст кўрсаткич эканлигини ва бу инфекцияни назорат қилиш самарадорлигини намойиш этишини айтишди.

Улар Британияда эпидемиянинг авжига чиққан – 28 апрелгача бўлган давридаги 1500та ҳолатни таҳлил қилишди.

«Ушбу беморларнинг аксарияти узоқ вақт давомида касалхонада бўлиб келишган. Улар кекса одамлар, соғлиғи заифлар ва бирон бир касалликка чалинганлардир», дейди тадқиқотчилар. 

Касалхонада коронавирус билан касалланган беморларнинг тикланиш даражаси Covid-19 аниқлангандан сўнг шифохонага ётқизилганларга қараганда юқори бўлди. Бу, эҳтимол, уларга тезроқ ташхис қўйилгани ва даволаш тезроқ бошлангани билан боғлиқ. 

Аргентинада касалликка чалинганлар сони рекорд даражага етди
Аргентинада янги коронавирусни юқтиришнинг энг юқори кўрсаткичи қайд этилди – бир кунда 8713та янги ҳолат. 381 киши вафот этди. 

REUTERS

Буэнос-Айрес ва унинг атрофида қаттиқ карантин чоралари кўрилаётган бўлса-да, бошқа минтақаларда юқтириш ҳолатлари кўпаймоқда.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, беморларнинг аксарияти Буэнос-Айрес (5656) провинциясида жойлашган. Умуман олганда, пандемия бошланганидан бери Аргентинада 350 мингдан ортиқ одам касалланган ва 7366 ўлим қайд этилган.

Аргентина Перу, Марокаш ва БАА билан бир қаторда, Хитойнинг China National Biotec Group компанияси томонидан ишлаб чиқилган коронавирус вакцинасининг клиник синовида қатнашишга қарор қилди.

Бошқа мамлакатларда: 

  • Германия Париж ва унинг атрофларини, шунингдек, Лазур қирғоғини эпидемиологик жиҳатдан хавфли ҳудудлар рўйхатига киритди ва фуқароларга иложи бўлса, у ерларга саёҳат қилишни ортга суришни тавсия қилди. 
  • Испания соғлиқни сақлаш вазири, агар вазият ёмонлашса, Мадридда коронавирус тарқалишига қарши жиддий чоралар кўрилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди ва шаҳар аҳолисининг ўз-ўзини яккалаш тартибига қайтиши мумкинлигини истисно этмади. Янги ҳолатларнинг аксарияти пойтахтга тўғри келади.
  • Шотландияда душанба кунидан бошлаб 12 ёшдан катта ўқувчилар ва ўқитувчиларининг коридорларда, умумий фойдаланиш жойлари ва мактаб автобусларида ниқобда бўлиши талаб этилади. Синф хоналарида ниқоб кийиш мажбурий эмас. Англияда муқобил қоидани жорий этиш ҳозирча фақат муҳокама қилинмоқда.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *