Дунёдаги вазият: Британия тестларни таҳлил қилишга улгурмаяпти, Европада вазият кескин ёмонлашмоқда

Англия шимоли-шарқида янги карантин чоралари киритилмоқда, Ливаннинг энг йирик қамоқхонасида коронавирус тарқалиши авж олди, ўн минглаб австралияликлар уйларига қайта олишмаяпти.

Фото: Getty Images

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда 30 миллионга яқин одам коронавирус билан касалланган, 941,3 минг киши вафот этган. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таъкидлашича, сўнгги бир ҳафта ичида Европада Covid-19 билан касалланиш янги ҳолатларининг умумий статистикаси 300 мингтани ташкил этди. Бу Европа мамлакатларида пандемия бошланган март ойининг ҳар қайси ҳафтасидан юқорироқ кўрсаткичдир. Европадаги вазият ўта кескин ўзгаряпти, дейди ЖССТ. 

Нидерландияда вирус юқтириш ҳолатлари сони янги антирекорд даражага етди. Яқинда мамлакат Британиянинг «қизил» (ноқулай) рўйхатига киритилганди. У ердан Британияга келувчилар 14 кун давомида изоляция қилиниши керак. 

Испанлар мактаблар ва олий таълим муассасалари ўқитувчилари вирусдан етарли даражада ҳимояланмаган деб ҳисоблашмоқда

Испанияда талабалар расмийлардан мактаб ва университетларда янада кўпроқ хавфсизлик чоралари яратилишини талаб қилиб, забастовка уюштиришди. Хусусан, улар тозалик стандартлари оширилишини ва ўқитувчиларнинг шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланишини талаб қилишмоқда. Сўнгги 24 соат ичида мамлакатда коронавирусдан 239 киши вафот этди – бу июнь ойидан буён кузатилган энг юқори кўрсаткич. Касалланиш статистикаси ҳам кескин ошди, айниқса Мадридда. 

Францияда ҳам касаба уюшмалари ташкиллаштираётган иш ташлаш кутилмоқда. Улар ҳукумат томонидан иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш бўйича кўрилган чораларни етарли эмас деб ҳисоблайди.

Расмийларнинг прогнозларига кўра, 2020 йилда жами 800 минг киши ишсиз қолади. Сўнгги 24 соат ичида Францияда Covid-19’нинг деярли 10 минг нафар янги бемори рўйхатга олинган. 

Германияда тугалланаётган кун ичида қайд этилган касалланганлар сони шу йилнинг апрель ойидан бери энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Британияда янги чекловлар
Жума куни Англия шимоли-шарқидаги бир қатор шаҳарларда қўшимча карантин чоралари кучга киради. Ушбу ҳудудларнинг аҳолиси улар билан бир уйда яшамайдиган ёки ижтимоий пуфак деб аталувчи доирадан ташқарида бўлган одамлар билан мулоқот қила олмайди. Масалан, мактабдаги синф шундай пуфак ҳисобланади, аммо бир мактабнинг турли синфлари ўқувчилари бир хил ижтимоий пуфакка мансуб эмас. 

Фото: Getty Images

Овқатга фақат стол олдида буюртма бериш мумкин бўлган кафе ва ресторанлардаги хизмат кўрсатишга ҳам чекловлар қўйилган. Кўнгилочар масканлар соат 22:00да ёпилиши керак. 

Англиядаги лабораториялар коронавирус синовларини таҳлил қилишга улгурмаяпти. Сентябрнинг биринчи ҳафтасида тест натижаларининг атиги учдан бир қисми 24 соат ичида олинган. Аммо, август ойининг сўнгги ҳафтасида лабораториялар синовларнинг учдан икки қисмини қайта ишлашга муваффақ бўлишганди, дейди Буюк Британиянинг Миллий соғлиқни сақлаш тизими (NHS) вакиллари.

Аввалроқ тестларнинг кунлик сонини чеклаш тўғрисида қарор қабул қилинганди, аммо таҳлил топширганларнинг барчаси натижаларни бир кун ичида олишган. Бироқ, лабораториялар ҳатто чекланган миқдордаги таҳлилларга ҳам улгура олмай қолди. 

Британияда коронавирус тестидан ўтишнинг учта усули мавжуд ва ҳар бир ҳолатда натижаларни кутиш вақти сезиларли даражада ошди. Синовдан ўтиш мумкин: 

  • автомобиллар махсус тўхташ жойларида, машинадан чиқмасдан, қайд бўйича (кутиш вақти 20 соатдан 27 соатгача чўзилди)
  • синов марказларида қайд бўйича (таҳлил ўртача 35 соат давом этади, ҳар бештадан битта тест 24 соат ичида амалга оширилади)
  • тўпламни почта орқали буюртма қилиш орқали (аввалроқ 19 соатда, ҳозирда – 26 соатгача)

Дунёда нима гаплар?
Байрут яқинида жойлашган Ливаннинг энг йирик қамоқхонаси Covid-19 ўчоғига айланди. Бу ерда тахминан 200 нафар маҳбусга вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган. Ҳафта бошида маҳбуслар зарур тиббий ёрдамлар йўқлигидан шикоят қилиб намойиш ўтказишганди. Қамоқхонада 3 мингдан ортиқ маҳбус жазо ўтайди, бу қамоқхона дунёга шароитлари жуда аянчли қамоқхоналардан бири сифатида маълум. Мамлакатда умумий касалланиш статистикаси ҳам жиддий равишда ўсмоқда. Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, пандемия бошидан буён Ливанда 26 мингдан ортиқ киши касалланган. Ҳукумат мамлакат иқтисодиёти ҳалокат ёқасига келиб қолганини тан олмоқда. Август ойида портлаш ҳудудидаги кучли портлаш Байрутнинг қарийб ярмига вайронкор таъсир кўрсатганди.

Дональд Трамп томонидан Covid-19’га қарши вакцинага алоқадор барча маълумотларни мувофиқлаштиришга масъул шахс сифатида тайинланган Майкл Капуто якшанба кунги баҳсли баёнотлари ортидан меҳнат таътилига чиқди. Капуто АҚШ соғлиқни сақлаш департаментини президент Трампга қарши туришни мақсад қилган “қаршилик отряди” деб баҳолаганди. Бундан ташқари, у Трамп тарафдорларини демократлар номзоди Жо Байден ноябрда бўлиб ўтадиган сайловларда Трампнинг ғалабасини тан олишдан бош тортиши мумкинлигини ҳисобга олиб қуролланишга чақирганди.

АҚШ дунёда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари ва ўлим ҳолатлари бўйича етакчилик қилишда давом этмоқда – 6,6 млн ҳолат ва қарийб 197 минг ўлим. Шу кунларда Дональд Трамп америкаликларнинг коронавирусга қарши вакцинаси уч-тўрт ҳафтадан кейин тайёр бўлиши ҳақида гапирганди. АҚШнинг турли тиббий департаментлари вакиллари бўлган олимлар эса президент жуда шошилаётганини айтишмоқда.

Лондон аэропортларида австралияликлар самолётга чиқиш вақтини кунлаб кутишмоқда

Австралияга киришга қатъий чекловлар ўрнатилгани туфайли 30 мингга яқин австралиялик Лондондаги Ҳитроу аэропортида қолиб кетган. Айни вақтда бир ҳафтада фақат 4 минг австралиялик уйига қайта олиши мумкин. Вазият оғирлашгани туфайли Австралия бош вазири Скотт Моррисон бу лимитни 6 мингга кўтариш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Шу кунларда Австралияда пандемия ўчоқлари саналган ҳудудларда, хусусан, Мельбурн ва Виктория штатининг бошқа шаҳарларида оптимистик кўрсаткичлар қайд этилаётгани хабар қилинди. Мамлакатда қаторасига бир неча кун давомида Covid-19 дан зарарланиш билан боғлиқ кунлик ҳолатлар сони 50дан ошмаяпти. Австралиянинг аксар ҳудудларида ҳукумат карантин чекловларини бекор қилган, аммо мамлакатга киришга оид чекловлар сақланиб қолмоқда.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *