Дунёдаги вазият: ЖССТ қурбонлар сони 2 миллионга етишини тахмин қилмоқда, Москвада мактаблар 2 ҳафталик таътилда

Хитойнинг Уҳан шаҳрида янги коронавирус илк марта аниқланганидан 10 ой ўтгач, Covid-19’нинг глобал миқёсдаги қурбонлари сони 1 миллионга етди.

Фото: AP/ТАСС

Шимолий Америкада 308 мингдан ортиқ, Жанубий Америкада деярли 250 минг, Европада 221 минг, Осиёда 190 минг киши вафот этди.

Энг кўп қурбонлар АҚШ (деярли 210 минг), Бразилия (142 минг), Ҳиндистон (96 мингдан ортиқ), Мексика (76 мингдан ортиқ) ва Британияга (42 минг) тўғри келади. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда 10 ўринда жойлашган (деярли 20,4 минг ўлим).

Британияда сешанба куни сўнгги 28 кун ичида коронавирусга таҳлили мусбат натижа кўрсатган беморлар орасида 71та ўлим ҳолати қайд этилди – бу сўнгги бир неча ой ичидаги энг юқори кўрсаткич; Британияда умумий ўлим сони 42072тани ташкил қиляпти.

Сўнгги бир кунда 7143та янги касалланиш ҳолатлари аниқланган – бу ҳам Британияда оммавий тест олиниши бошланганидан бери кунлик рекорд ўсишдир. Экспертларнинг фикрича, янги беморлар сони ортиши баҳорда сезиларли даражада юқори бўлган, аммо у вақтда таҳлиллар фақатгина касалхонада оғир аломатлар билан даволанаётган беморлар учун қўлланган. Британия бўйлаб коронавирус тасдиқланган ҳолатларнинг умумий миқдори – 439 минг.  

Пандемия бошланганидан бери 188 мамлакатда 33,5 миллиондан ортиқ одам вирус юқтирган. Улардан деярли 25 миллион киши шифо топди, ҳозирда 7,5 миллионга яқин киши даволанмоқда, хусусан, 65,3 минг инсон оғир ва ўта оғир аҳволда.

Сентябрь ойида касалланиш ҳолатлари сони яна сезиларли даражада ошди, бу пандемиянинг иккинчи ёки «кузги» тўлқини ҳақида гапиришга асос бўла олади. АҚШнинг 50 штатидан 21тасида сўнгги ҳафтада кунлик янги касалланиш даражаси ўртача 10 фоизга ошди. Ёзда инқироздан чиқа бошлагандек туйилган Европада вазият оғирлашди.

«Ўлим даражаси пасайишидан ҳеч қандай аломат йўқ. Афсуски, вакцина пайдо бўлгунга қадар, у ҳозирги даражада сақланиб қолиши мумкин», деди Мельбурн шаҳридаги аҳоли ва глобал соғлиқни сақлаш мактаби раҳбари Ненси Бахтер BBC’га берган интервьюсида.

Москва мактабларида икки ҳафталик таътил
Россия пойтахти Москва шаҳри мэри Сергей Собянин мактаблар 5 октябрдан 18 октябрга қадар таътилда бўлишини маълум қилди.

YURI SMITYUK/TASS

Одатда кузги таътил бир ҳафта давом этади, аммо шаҳардаги эпидемиологик вазият туфайли бу муддат узайтирилган.

«Санитария шифокорларининг тавсиясига кўра, касаллик тарқалиши даражасининг пасайиши ва коронавирус аниқланган беморлар сони кўпайишини ҳисобга олиб, мен кузги таътил давомийлигини оширишга қарор қилдим», деб ёзган Собянин.

Таътил вақтида масофавий таълим бўлмайди, аммо ўқувчилар Москва электрон мактаби ёрдамида янги материалларни ўрганишлари мумкин. Қўшимча таълим ва болаларнинг бўш вақтларини унумли ўтказиш муассасалари ҳам ўз фаолиятини икки ҳафтагача тўхтатиб туради, аммо болалар боғчалари «одатдаги жадвал бўйича» ишлашда давом этади.

28 сентябрь кунги маълумотларга кўра, Москвада сўнгги бир кунда 2117та янги касалланиш ҳолати қайд этилган – бу 2 июндан буён энг юқори кунлик кўрсаткич ҳисобланади. Бир ҳафта олдин эса шаҳарда кунлик ўсиш 915тани ташкил этган.

28 сентябрь кунидан Москвада 65 ёшдан ошганларга ва сурункали касалликларга чалинганларга уйда қолишни тавсия қилинмоқда. 

Вакцина пойгаси

Россиядаги Гамалея институти директори Александр Гинзбург Reuters агентлигига берган интервьюси вақтида «Спутник V» вакцинасини намойиш этмоқда

ЖССТдагиларнинг фикрича, энг мақбул ҳолатдаги оммавий эмлашнинг натижаси келгуси йилнинг ўрталаридан олдин сезилмайди. Бу вақт ичида ўлим ҳолатлари сони икки миллионга етиши мумкин. 

Ҳозирги кунда дунёда 240га яқин вакциналар устида иш олиб борилмоқда, уларнинг 40таси клиник синовлар босқичида, 9таси минглаб одамларга оммавий тест қилинмоқда.

Янги чекловлар: қаерда ва қандай
Англия шимоли-шарқида уйдаги базмлар ва меҳмонга боришга тақиқ чоршанба ярим тунда кучга киради; 

Мадридда барча кўнгилочар муассасалар ва боғлар қайта ёпилди, уйдан фақат ишлаш ёки ўқиш учун чиқишга рухсат берилади; 

Нидерландияда бир вақтнинг ўзида уч нафардан ортиқ катта ёшли меҳмонларни қабул қилиш тақиқланади; Амстердам, Роттердам ва Гаага аҳолиси биринчи марта дўконларда ниқоб кийиши шартлиги белгиланди; ҳукумат фуқароларга ўта зарурат бўлмаса, шаҳарлараро саёҳат қилишдан тийилишни маслаҳат берди; спорт мусобақалари мухлисларсиз ўтказилади; Нидерландиядаги ресторан ва барларни соат 22:00да ёпиш буюрилган;

Сешанба кунидан бошлаб Франциянинг 12 шаҳрида ҳар қандай оммавий тантаналарни, шу жумладан тўйларни ўтказиш тақиқланди; ресторан ва барлар соат 22:00гача ишлайди; 

Чехиява Словакия ҳукуматлари шу ҳафта фавқулодда ҳолат эълон қилади – икки мамлакатда ҳам касалланиш кўпаймоқда; Словакияда чоршанба кунидан бошлаб барча йирик тадбирлар тақиқланади.

Дунёда яна нималар содир бўляпти
Ноябрь ойидаги G20 саммити виртуал режимда ўтказилади, деб хабар берди тадбирни ўтказувчи Саудия Арабистони мамлакати расмийлари. 

Германиянинг пандемия бошланганидан кейин Пирейдан сузиб ўтиши керак бўлган биринчи кемаси «Мейн Шифф 6» круиз кемасининг экипажи аъзоларида коронавирус аниқланди. Сайёҳлар бортга чиқишга улгуришмади, круиз бекор қилинди, кема ва экипажнинг 666 аъзоси Эгей денгизидаги Милос оролида карантинга олинди. 

Руминия мэри вафотидан кейин қайта сайланди

Руминия жанубидаги Девеселу қишлоғи мэри 57 ёшли Ион Алиман кейинги муддат учун номзодини қўйганди, аммо сайлов кампанияси давомида коронавирусдан касалланиб, 15 сентябрь куни Бухарестдаги клиникада вафот этди.

Овоз беришга икки ҳафта қолгани сабабли, сайлов комиссияси янги бюллетенларни чоп этишга вақт йўқлигини эълон қилди. 

Қишлоқ аҳолисининг 64 фоизи марҳумнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида унинг исми ёнидаги катакчаларга белги қўйган. «Бизда бошқа бундай мэр бўлмайди», деди бир аёл маҳаллий телевидениега берган интервьюсида. 

Энди Девеселуда такрорий сайловлар бўлиб ўтади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *