Дунёдаги вазият: Ливанда карантин, Польшада беморлар сони ошди

Жонс Ҳопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, бутун дунё бўйлаб коронавирус билан касалланиш ҳолатлари сони 23 миллионга яқинлашмоқда, ўлим ҳолатлари 800 мингга яқин.

Фото: Reuters

Ҳиндистонда сўнгги бир кун ичида коронавирус билан зарарланганлар сони 68 минг нафарга кўпайди, шу орқали мамлакатдаги умумий ҳолатлар сони 3 миллионга яқинлашмоқда.

Жанубий Корея расмийлари минглаб одамларнинг ҳукуматга қарши митингдаги иштирокидан сўнг инфекциянинг янги ўчоқлари юзага келишидан хавотирда. Уларнинг барчаси бир черков издошларидир.

Американинг фармацевтика гиганти Pfizer ўзининг ҳамкори, немисларнинг BioNTech компанияси билан биргаликда чиқарган коронавирусга қарши вакцинаси октябрда рўйхатга олиниши мумкинлигини хабар қилди.

Ливанда касалланиш ҳолатлари кескин ортиб кетган тақдирда маҳаллий соғлиқни сақлаш хизматлари вазиятни назорат қилиш имкониятига эга бўлмагани туфайли, ҳукумат инфекция тарқалишидан хавотирланиб жума куни икки ҳафталик карантин жорий қилди.

Карантин ва коммендантлик соати Байрутдаги портда кучли портлашдан кейинги қайта тиклаш ишларига таъсир қилмайди. 

Ливанда ҳозиргача коронавирус билан касалланган 11 минг бемор рўйхатга олинган, улардан 113 нафари вафот этган.

Жанубий Кореяда расмийлар ўтган дам олиш кунлари ҳукуматга қарши митингда қатнашган минглаб одамларни кузатишга ҳаракат қилмоқда. Намойишчиларнинг аксарияти «Саранг Жейл» протестантлик черковининг издошларидир, улар орасида янги касалланиш ҳолатлари ошиши қайд этилган.

Жума куни Жанубий Кореянинг Касаллик тарқалишини назоратга олиш ва профилактика маркази ўтган 24 соат давомида 324та янги зарарланиш ҳолати рўйхатга олингани ҳақида хабар берди – бу март ойи бошидан бери кузатилган энг юқори кўрсаткичдир.

Сеулдаги черковда дезинфекция ишлари / EPA

Хитой пойтахтида коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари камая бошлагани туфайли Пекин аҳолиси карантин бошидан бери ўтган кўп ой давомида биринчи марта кўчаларда ниқобсиз ҳаракатланиши мумкин.

Бироқ ижтимоий масофаланиш чоралари аввалгидек ўз кучида қолади ва кўплаб пекинликлар ниқоб тақишни афзал кўришмоқда.

Ҳонгконг раҳбарияти 1 сентябрдан аҳолининг истисноларсиз барча вакилларига коронавирусга бепул тестдан ўтишни таклиф қилган. Ҳонгконгда 7,4 млн аҳоли истиқомат қилади.

Бироқ, баъзилар янги ташаббусга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиб, Пекиндаги расмийларининг ушбу тестлардан узоқ муддатли мониторинг учун аҳоли ДНКсини йиғиш йўлида фойдаланиши мумкинлигидан хавотирда.

Ҳонгконг раҳбари Керри Лэм эса олинган барча намуналар йўқ қилинишини айтиб, бу гапларни рад этди.

Польшада пандемия давридаги энг юқори ўсиш қайд этилди / Reuters

Европадаги вазият
Берлиндаги камида 41та мактабда коронавирус билан касалланган ўқувчи ёки ўқитувчилар борлиги ҳақида хабар берилган. Берлиндаги мактаблар атиги икки ҳафта олдин очилган эди. 

Польша соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, мамлакатда пандемия бошлангандан бери энг жиддий кескин ўсиш кузатилган – 903та янги ҳолат ва 13та ўлим ҳолати. 

Расмийларнинг сўзларига кўра, юқтириш ҳолатлари кўпайиши чет элдаги таътил ва йирик тадбирлар, хусусан тўйлардан сўнг қайтаётган фуқаролар туфайли содир бўлади. 

Умуман олганда, Польшада 60 минг бемор ва 1,3 мингта ўлим ҳолати рўйхатга олинган, бу Европанинг бошқа кўплаб мамлакатларига қараганда анча паст. 

Барселонадаги шифохонада тест топширишга навбат / Reuters

Испания соғлиқни сақлаш вазири Фернандо Симон жума куни огоҳлантириш билан чиқди: «Янглишиш ярамайди: ҳолат унча яхши эмас». Сўнгги икки кун ичида Испанияда 3 мингдан ортиқ янги ҳолат аниқланди. Инфекция асосан масофланиш меъёрларига риоя қилмайдиган ёшлар ҳисобига тарқаляпти. 

Францияда ўсиш – ўтган кун давомида 4,7 минг янги бемор ва 35 янги ўчоқлар аниқланган. Франция таълим вазири Жан-Мишель Бланкенинг сўзларига кўра, ўқувчилар икки ҳафтадан сўнг мактабга қайтади ва 11 ёшдан ошган барча болалар ниқоб тақишлари шарт. Пастки синфларда ўқитувчилар ниқобда бўлиши етарли. 

Литвада, янги фармонга биноан, очиқ ҳаво ёки бино ичкарисида ўтказилишидан қатъи назар барча тадбирларда ниқобда бўлиш талаб этилади, қоида умумий овқатланиш ҳудудлари учун ҳам тааллуқли.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *