Дунёдаги вазият: Хитой чегараларни очмоқда, Янги Зеландияда яна вирус тарқалмоқда

Вирусдан буткул халос бўлгани айтилган Янги Зеландияда яна вирус ўчоғи пайдо бўлди, Англия ўлим ҳолатларини қайта ҳисоблаб чиқди, Испаниянинг Галисиясида чекиш тақиқланди.

Фото: Getty Images

13 август ҳолатига кўра, дунёда Covid-19 қурбонлари сони 750 минглик нуқтадан ўтди, касалланиш ҳолатлари сони эса 20,5 миллиондан ошган.

Янги Зеландияда аҳоли орасида вирус тарқалди
ЖССТ томонидан ўрнак сифатида кўрсатилган ва вирусдан бутунлай халос бўлгани айтилган Янги Зеландияда янги маҳаллий ўчоқ пайдо бўлди: мамлакатнинг йирик шаҳри Оклендда бир кунда 14 нафар коронавирус ташувчиси аниқланган.

Улардан бири – хориждан келган ва карантинга жойлаштирилган, қолган 13 киши аввалроқ вирус аниқланган оила билан алоқада бўлган.

Янги Зеландияда шу вақтгача 102 кун давомида аҳоли орасида вирус тарқалмаётганди, ўтган ойда фақат хориждан келганларда вирус аниқланаётганди, сешанба куни вирусдан зарарланиш ҳолати тасдиқланган 4 кишидан иборат оила эса хорижга чиқмаган ва хорижликлар билан алоқада бўлмаган.

Тахминлардан бирига кўра, оила бошлиғи ўзи ишлайдиган жойда – омборга жойлаштирилган импорт маҳсулот қадоғидан вирус юқтириб олган бўлиши мумкин.

Эндиликда тиббиёт ходимлари бу одамлар вирусни қайси манбадан юқтириб олганини аниқлаш устида иш олиб боришмоқда ва улар алоқада бўлган барчани текширишмоқда. Бу вақтда Оклендда яна тўлиқ локдаун эълон қилинган – ҳозирча уч кунга.

Янги Зеландия Covid-19’ни муваффақиятли жиловлаган давлат саналаётганди / Reuters

Хитой эшикларни очмоқда
Хитойда 12 августдан Европадаги 36 давлатга, хусусан, Британия, Германия ва Франциядан келишга рухсат берилди. Европа мамлакатларидан келувчилар учун март ойида тақиқ қўйилганди, унга кўра, Хитойда ишлашга ва яшашга рухсатномаси борлар ҳам кириши тўхтатилганди.

Фақат алоҳида таклифномаларга эга бўлган сараланган ходимлар мамлакатга қайтиши мумкин бўлган.

Хитойга қайтишнинг ўзига хос мураккабликлари бор – пандемиядан олдин берилган визалар ва бошқа ҳужжатлар бекор қилинган. Аммо эндиликда европаликлар Хитойга виза олишга ҳужжат топшириш учун махсус таклифномага эга бўлиши талаб этилмайди.

Ҳамон хориждан келувчилар учун 14 кунлик карантин тартиби сақланиб қолмоқда. Хитойга чипта сотиб олиш ҳам мураккаблашган, мартда ушбу мамлакатга рейслар сони кескин қисқаргани туфайли, чипталар нархи кўтарилиб кетган.

Хитойда коронавирус билан боғлиқ вазият нисбатан барқарор. Ҳозирда бутун мамлакат бўйлаб жами 761 бемор бор. Шу вақтгача 79 мингдан ортиқ киши Covid-19дан тузалиб кетган.

Аммо чоршанба куни ҳукумат коронавирусдан такрорий зарарланиш ҳолати ҳақида хабар берди. Хубэй провинциясининг Цзинчжоу шаҳрида 68 ёшли аёлда вирус аниқланган, у март ойида ҳам касалланиб, касалликдан даволаниб чиққанди.

Маҳаллий расмийларнинг баёнотига кўра, такрорий касалланганда вирусни бошқага юқтириш ҳолати ҳозирча тасдиқланмаган.

Хитойликлар ҳам вирус қадоқлар орқали юқиши бўйича шубҳа билдиришган. Яньтай шаҳри расмийлари, музлатилган таом қадоғида коронавирус аниқлангани ҳақида хабар беришган, бу маҳсулот порт шаҳарга шимолдаги Далянь портидан келтирилганди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, коронавирус пластикда 72 соат давомида сақланиб қолиши мумкин, аммо таом қадоғи орқали вирусдан зарарланиш ҳолати расман тасдиқланмаган.

5 мингдан ортиқ қурбон рўйхатдан чиқарилди
Англия ҳисоблаш методикасидаги камчилик туфайли Covid-19 қурбонлари сони 12 фоизга ошириб кўрсатилганини маълум қилди.

Гап шундаки, Англияда Бирлашган Қиролликнинг бошқа қисмлари – Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландиядан фарқли равишда – Covid-19 учун тести мусбат натижа берганларнинг барчаси – тестдан ўлимгача қанча вақт ўтгани ва аслида нимадан ўлганидан қатъи назар – умумий рўйхатга киритилаётганди.

Энди Англия 28 кунлик муддат белгилади ва янги ҳисоблаш услубига кўра, 5377 киши пандемия қурбонлари рўйхатидан чиқарилди.

Натижада Британияда коронавирус қурбонлари сони 46 минг 706дан 41 минг 329 нафаргача камайди.

Ҳиндистон Британиядан ўзиб кетди
Бу вақтда Ҳиндистон коронавирусдан ўлимлар сони бўйича Британияни ортда қолдирди: пайшанба куни ушбу мамлакатда жами ўлим ҳолатлари сони 47 мингдан ошди.

Шу куни Ҳиндистонда 67 мингта янги касалланиш ҳолати ва қарийб мингта ўлим ҳолати қайд этилган. Минг ўлим – дунёда бир кунда Covid-19 туфайли рўй берган жами ўлим ҳолатларининг бешдан биридир.

Шу билан биргаликда, Ҳиндистонда ҳар миллион кишига 33та ўлим тўғри келмоқда ва бу Европа ва Жанубий Американинг кўплаб давлатларидаги кўрсаткичдан камроқдир.

Шифокорлар гап Ҳиндистон аҳолисининг асосий қисми ёшлар эканидалигини айтишмоқда, ёшлар эса касалликни енгил ўтказишади. Бошқа томондан, Ҳиндистон ҳукумати барча касалланиш ҳолатлари ва ўлим ҳолатларини ҳисоблаб улгурмаётган бўлиши мумкин.

Коронавирус чекишни камайтирмоқда
Испания шимоли-ғарбидаги Галисия вилоятида жамоат жойларида чекиш тақиқланди, бу тақиқ ҳам коронавирус билан боғлиқ.

Гап шундаки, Испания соғлиқни сақлаш вазирлиги экспертларининг айтишича, чекиш вирус тарқалишини осонлаштиради, чунки чекувчилар чекиш вақтида ниқобларини ечишади ва ҳавога тутун чиқаришади ёки тупуришади.

Бундан ташқари, вазирлик буюртмасига кўра тайёрланган тадқиқот ҳисоботида чекувчилар сигарета фильтрини бармоқда тутиб оғизга солиш, ниқобни шу бармоқ билан ечиш ва тақиш орқали осонгина касалланиши айтилган. Қолаверса, чекиш организмни заифлаштиради ва касаллик қаршисида кучсиз қилиб қўяди.

Шу туфайли Галисия ҳукумати хавфсиз масофа сақлаш имконсиз бўлган ҳамма жойда чекишни тақиқлашга қарор қилган. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳозирча бу чора кўриб чиқилмоқда.

Испанияда сўнгги ҳафтада янги ҳолатлар сони кескин ўсди: июль ойида кунлик ҳолатлар сони 150та атрофида бўлган бўлса, ҳозирда кунига ўртача 1500тадан янги ҳолат қайд этилмоқда.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *